Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ёшлар ҳақида ғамхўрлик қилиш – давлат ва жамият мажбурияти” мавзусида талаба ёшлар билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартишларни тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Унда халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Қ.Қалхоразов, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим бошлиғи Н.Кишанов Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил маъруза килди.

Учрашув давомида Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, таълим ривожи ва ёшлар ҳаётидаги ўрнига доир муҳим жиҳатлар хусусида маълумот берилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаати инобатга олинган бўлиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар оширилмоқда. Ўз навбатида, давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча баравар ортиши кўзда тутилган. Чунки, Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда «Инсон манфаати ҳар нарсадан устун» деган маъно асос қилиб олинмоқда.

Тадбирда сўз олганлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида маълумот берар экан, барча соҳаларда киритилган ўзгартишларда Бош қомусимиз том маънода “Халқ Конституцияси” бўлиб бораётганлигини, давлат сиёсатидаги ўзгаришлар, таълим соҳасида яратилаётган шарт – шароитлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари янада мустаҳкамланаётганлиги, ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ҳамда уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш кафолатланаётганлиги таъкидланди.

Ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида киритилмоқда. Мазкур нормалар, нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ҳам муҳимдир.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА