Самарқанд халқаро аэропортида чартер рейс билан юртимизга ташриф буюрган япониялик сайёҳлар тантанали кутиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан Япония халқаро туристик ассоциацияси билан ҳамкорликда жорий йилда ҳам Кунчиқар юрт фуқароларининг тўғридан-тўғри парвозлар орқали Ўзбекистонга саёҳати йўлга қўйилди.
– Ўтган йил давомида ўнта чартер рейс орқали Япония фуқароларининг юртимизга саёҳати уюштирилган бўлса, бу йил қатновлар сонини 15 тага етказиш кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилшод Нарзиқулов. – Ушбу саёҳатларда 3000 га яқин японияликнинг юртимизга келиши кутилмоқда. Сайёҳлар бир ҳафта давомида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, тарихий-маданий ёдгорликлар, миллий анъана ва қадриятларимиз билан танишади. Бу йил сайёҳлик йўналишлари ва дастурларини меҳмонларнинг талаб ва истаклари асосида, уларнинг қизиқишларига қараб ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Япониялик сайёҳлар учун эртага кечки дастурда Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида маҳаллий уста-ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар, миллий либослар намойиши, фольклор жамоалари чиқишлари ҳамда 3D шоу томошаси режалаштирилган.
– Ўзбекистон, Самарқанд дейилса, ҳар бир япониялик, аввало, қадимий Буюк ипак йўлини хаёлига келтиради, – дейди “All season” туристик компанияси вакили Каваками Кодзухиса. – Шунинг учун бу мамлакатга келишга ҳавасманд кишилар бизда жуда кўп. Лекин шу пайтгача виза тартиблари туфайли кўпчилик саёҳатга чиқишга иккиланарди. Эндиликда Япония фуқароларига Ўзбекистонда бир ойгача визасиз тартибда бўлиш ҳуқуқи берилгани сайёҳлар оқимининг кўпайишига имконият яратади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА