Янги ғоялар ва ислоҳотлар самараси амалий ифодасини топмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахтимиз туманларида бўлди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Ўзбекистон Фанлар академиясининг академик Собир Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институтига ташриф буюрди. Институтнинг асосий йўналишлари, илмий ва ишлаб чиқариш салоҳияти билан танишди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтида табиий бирикмалар кимёси, биологияси ва технологияси соҳасида катта илмий мактаб шаклланган. Бугунги кунда ушбу муассасада 159 илмий ходим табиий бирикмалар кимёсини ўрганиш, улар асосида тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун дори воситалари ҳамда кимёвий препаратлар яратиш борасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бормоқда.

Истиқлол йилларида бу ерда 500 дан ортиқ турдаги ўсимликнинг кимёвий таркиби ўрганилиб, улардан 1 минг 200 дан зиёд модда ажратиб олинган. 246 янги алкалоид, 100 дан ортиқ фенол бирикмалари, 50 дан зиёд терпеноид бирикмаларнинг кимёвий тузилиши исботланган. 5 мингдан ортиқ гетероциклик бирикма синтез қилиниб, уларнинг фаоллиги ўрганилган.

Институт қошидаги тажриба-ишлаб чиқариш корхонасида 20 га яқин дори воситаси субстанциялари ишлаб чиқарилмоқда, йилига 100 тонна ўсимлик хом ашёси қайта ишланмоқда. 2017 йилда Россия Федерацияси, Франция, АҚШ каби давлатларга 2,5 миллион доллардан ортиқ миқдордаги биологик актив субстанциялар экспорт қилинган. Шунингдек, мамлакатимиз фармацевтика корхоналарига субстанциялар етказиб берилмоқда.

Шавкат Мирзиёев мазкур даргоҳ ўзининг илмий салоҳияти билан нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда етакчи ўринларда туриши, бу ерда яратилаётган янгиликлар фармацевтика саноатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 16 сентябрдаги “2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорида фармацевтика соҳасини ривожлантириш, хориждан келтириладиган дори воситаларини маҳаллий хом ашёдан ажратиб олиш технологияларини ишлаб чиқиш ва уларни чуқур қайта ишлаш асосида янги дори воситалари яратиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилган эди. Шунга мувофиқ, Ўсимлик моддалари кимёси институтида халқаро талабларга жавоб берадиган GMP заводи барпо этилмоқда.

Бунинг натижасида йилига 500 тоннадан зиёд ўсимлик хом ашёсини чуқур қайта ишлаш имконияти яратилади. Жорий йилдан 30 дан ортиқ табиий тоза, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Президентимиз мазкур корхона билан танишди, олимлар томонидан тайёрланган биологик актив субстанцияларни кўздан кечирди.

– Дори субстанциялари фармацевтика саноатининг асосий омилидир. Бунинг учун ўсимликларни чуқур қайта ишлаш, жаҳон илмий ютуқларини ўрганган ҳолда, бугунги кунда талаб юқори бўлган препаратларни яратиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари институт фаоллар залида вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ва ЎзФА илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди. Унда мамлакатимизда олимлар, академиклар билан мунтазам учрашиб туриш анъанага айлангани, Ҳаракатлар стратегияси асосида илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор бозор иқтисодиёти шароитида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.

– Ҳамма соҳанинг келажаги сизларга, илм-фанга боғлиқ. Бундан кейин мамлакатимизга келаётган ҳар бир хорижий инвестициянинг муайян фоизи илм-фанни ривожлантиришга ва илмий кадрлар тайёрлашга йўналтирилади. Илм-фан ривожлансагина эртанги кунимиз ҳақида тасаввур қила оламиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Учрашувда сўзга чиққан олимлар Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уларга катта хурсандчилик, моддий ва маънавий рағбат берганини, бундан буён бор билим, куч-ғайрат ва шижоатини илм-фан ривожига қаратишларини алоҳида қайд этдилар.

Шундан сўнг Президентимиз Яшнобод туманидаги замонавий ҳарбийлар шаҳарчаси қурилиши билан танишди.

Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб турмуш шароити яратишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани «Олмос» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилаётган кўп қаватли янги уйлар ҳам ўнлаб ҳарбий хизматчилар оиласига олам-олам қувонч бағишлаши шубҳасиз.

Президентимизнинг 2017 йил 13 январдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу ерда 48 та беш қаватли уй қад ростламоқда.

Лойиҳага кўра, биринчи босқичда 540 хонадонга мўлжалланган 5 қаватли 18 та уй қурилмоқда. Буюртмачи – “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК, лойиҳалаштириш ишлари – бош лойиҳачи “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” институти томонидан ишлаб чиқилган. Қурилиш-монтаж ишлари 12 та пудрат ташкилоти томонидан тасдиқланган тармоқ жадваллари асосида амалга оширилмоқда.

Бунёдкорлик ишларига 30 дан ортиқ техника ҳамда 2000 га яқин малакали муҳандис ва ишчи ходим жалб қилинган. Бугунги кунга қадар ғишт териш ишлари якунланиб, сантехника, пардозлаш ишлари бажарилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, уйларда яратилаётган шароитлар билан танишди.

– Сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчиларимиз турмуш шароитини яхшилаш борасидаги ислоҳотлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади, – деди Президентимиз. – Уларнинг фарзандлари таълим-тарбияси ва ижтимоий ҳимояси доимий эътиборимизда бўлади.

Иккинчи босқич доирасидаги 900 хонадонга мўлжалланган 5 қаватли 30 та уй қурилиши ҳам қизғин давом этмоқда. Буюртмачи – “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК, бош лойиҳачи – “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” институти.

Замонавий ҳарбий шаҳарча бўладиган ушбу мавзеда болалар боғчаси, мактаб, поликлиника ва бошқа ижтимоий объектлар ҳам барпо этилади. Уйлар Ватан ҳимоячиларига имтиёзли кредит асосида берилади.

Шавкат Мирзиёев уйларни ўз вақтида ва сифатли қилиб якунлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди. Шу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддилари билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Яшнобод туманидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг қурилиш лойиҳаси билан танишди. Мактаб биноси Президентимизнинг 2017 йил 14 сентябрдаги «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қурилмоқда.

Қурилиш-монтаж ишлари “Юксак парвоз қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга ошириладиган мактаб 1 минг 470 ўқувчига мўлжалланган. Бундан ташқари, вилоятлардан келиб ўқийдиган ўқувчилар учун 300 ўринли ётоқхона ҳам қурилади. Мактабда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча шароит яратилади. Жумладан, мустақил ишлаши, қобилиятини ривожлантириши учун махсус ускуналар билан жиҳозланган қўшимча хоналар, аудиториялар, табиий фанлар лабораториялари, информатика хоналари, робототехника устахоналари, спорт майдончалари ҳамда сузиш ҳавзаси барпо этилади. Шунингдек, ҳар бири 500 ўринга мўлжалланган фаоллар зали, ошхона ҳамда 20 минг китоб фондига эга кутубхона ўқувчилар ихтиёрида бўлади.

Мазкур ихтисослаштирилган мактабнинг ташкил этилиши мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш, ёшларни буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялаш ва замон талабларига жавоб берадиган мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.

– Энг яхши мутахассислар тайёрлайдиган марказ шу ерда бўлади. Ушбу мактабга вилоятдан иқтидорли болаларни танлов асосида қабул қилиш лозим. Бу ерда шундай муҳит яратиш керакки, улар таълимни асосан электрон воситалар орқали олсин, – деди Президентимиз.

Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 28 октябрь куни пойтахтимизнинг Яшнобод туманида қуриб битказилган «Ашхобод сайилгоҳи»ни бориб кўрган, сайилгоҳ атрофи, унга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган эди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан бу ерда замонавий маданият ва истироҳат боғи мажмуасининг иккинчи босқич қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Умумий майдони 12 гектарлик сайилгоҳ ичида 26 та аттракцион бўлган 1 та усти ёпиқ иншоот, очиқ типдаги 31 та ўйин аттракционлари, нуронийлар маскани, совғалар дўкони ва бошқа савдо шохобчалари қурилди.

Президентимиз “Ашхобод сайилгоҳи”да олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Сайилгоҳга кираверишда туркман миллатининг мардлик ва жасорат тимсоли бўлган ахалтеке отлари акс этган яхлит композиция барпо этилган. Бу ердаги жиҳозлар туркман миллий меъморлик анъаналарини ўзида мужассам этган бўлиб, қарағай, қрим қарағайи, ҳинд сирени, эман, каштан, магнолия, аризона кипариси, салвия, мовий арчалар экилган. Ташриф буюрувчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун ўриндиқлар, велойўлаклар, фавворалар ўрнатилган. Амфитеатр ва кафе ташриф буюрувчиларга мунтазир.

Қурилиш ишларига 24 техника ва 500 га яқин малакали ишчи-муҳандис жалб қилинган.

“Ашхобод сайилгоҳи” замонавий маданият ва истироҳат боғи мажмуасида 180 иш ўрни яратилиши кўзда тутилган бўлиб, боғ яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида барпо этилаётган замонавий иншоотлар қурилиши билан танишди.

Давр шиддат билан ўзгариб, замонавий технологиялар ҳаётимизга тобора чуқур қириб келаётган ҳозирги кунда шаҳарсозликда инновацион лойиҳалар, янги қурилиш усуллари ва ёндашувлар пайдо бўлмоқда. Бундай ёндашувлар ривожланган давлатларда «Келажак шаҳри» ёки “Янги шаҳар” деб аталмоқда.

Пойтахтимизнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилаётган «Tоshkent City» халқаро ишбилармонлик маркази шундай замонавий марказлардан бўлади. Лойиҳага мувофиқ, бу ерда бизнес-марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, Конгресс-холл, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ижтимоий ва бошқа объектлар барпо этилади.

Бугунги кунда «Tоshkent Сity» ҳудудида Конгресс-холл ва замонавий меҳмонхона қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Конгресс-холл олий мартабали меҳмонлар иштирокида халқаро анжуманларни ўтказишга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги пайтда хорижлик қурувчи-муҳандислар томонидан «Jet grout» технологияси асосида қозиқ қоқиш ва пойдевор қўйиш ишлари бажарилмоқда.

Йигирма қаватдан иборат беш юлдузли меҳмонхона энг замонавий қулайликларни ўзида мужассам этади. Ушбу меҳмонхонада ҳам нуфузли анжуманлар ўтказиш учун заллар, ресторанлар, салонлар, бассейнлар қурилади. Иккала иншоотдан бир-бирига махсус кўприк орқали ўтиш мумкин бўлади.

Президентимиз лойиҳалар билан танишар экан, мазкур иншоотларни энг замонавий технологиялар ва меъморлик андозалари асосида барпо этиш зарурлигини таъкидлади.

– «Tоshkent Сity» шаҳар ичидаги янги шаҳар бўлиши керак, бу шаҳарча катта суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистонимизнинг бор салоҳиятини ўзида тўла намоён этиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қурилишни тезлаштириш, иншоотларни 2019 йил август ойида фойдаланишга топшириш юзасидан топшириқлар берилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар Ватанимизнинг юксак иқтисодий салоҳиятини намоён этиб, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.

 

ЎзА