Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нукус шаҳар бўлими, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ер майдони савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати фош этилди.

Жумладан, фуқаролар Н.Ж. ва Б.И. Нукус шаҳридаги “Қурилисши” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 2 сотих ер майдонини фуқаро Ш.С.га кадастр бўлимида ишловчи танишлари ёрдамида расмийлаштириб олиб бериши эвазига 88 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири