Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг кам таъминланган оилалар вакилларини Умра зиёратига юборишда давлат томонидан ёрдам бериш борасидаги илтимоси Президентимиз томонидан қаноатлантирилиб, бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида 100 нафар қорақалпоғистонликлар ҳам Умра зиёратига бориб қайтди.

Нукус темир йўл вокзалида зиёратчилар тантанали кутиб олинди.

Ушбу зиёратнинг шарқона янги йилнинг бошланиши бўлган Наврўзи оламга ҳамда жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муқаддас Рамазон ойига тўғри келиши билан ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилди. Умра ва Ҳаж зиёратига бориш учун узоқ йиллар муддат кутадиган юртдошларимиз эндиликда амалларини ҳеч бир муаммосиз адо этиб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Ҳаж ва Умра сафарларини юқори даражада ташкил этиш, юртдошларимизга ушбу ибодатларни чиройли адо этишлари учун ҳар томонлама шароитлар ҳозирлашга катта эътибор қаратилмоқда. Муборак сафарларни юқори савияда ташкил этиш, намунали хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

Зиёратчилар таъкидлаганидек, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар вакилларининг давлат томонидан берилган йўлланма асосида Умра зиёратига юборилиши барча учун кутилмаган совға бўлди. Бундай имконият ва ғамхўрлик учун улар давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдиришмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА