Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро турнирда ўзбекистонлик истеъдодли боксчи Беҳруз Қурбонов мусобақанинг энг зўр техник спортчиси, деб топилди ва махсус соврин билан тақдирланди.
Бевосита жангларга тўхталадиган бўлсак, 11 та мамлакатдан 100 нафардан зиёд чарм қўлқоп устаси қатнашган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Шаҳзод Хидиров ва Маъруфжон Музаффаров мураббийлигида иштирок этди.
Терма жамоамиз аъзолари Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Исроил, Грузия каби давлатларнинг вакиллари билан кечган шиддатли жанглар якунига кўра, 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиқди.
13 та вазн тоифасида ташкил этилган халқаро турнирда ёш боксчиларимиздан Паҳлавонжон Иброҳимов ва Сардорбек Саидакбаров Россия ва Озарбайжон боксчиларини мағлуб этиб, олтин медалли бўлди. Фирузжон Саъдуллаев, Беҳруз Қурбонов, Иброҳим Ғиёсов, Муҳаммадсаид Ғуломов финал жангларида Қозоғистон, Россия ва озарбайжонлик тенгқўрлари билан рўбарў келган тарзда кумуш медалга эга чиқишди. Шунингдек, ҳамюртимиз Шоҳжаҳан Қаҳҳоров бронза медалини қўлга киритди.
— Айнан ушбу боксчилар яна 3-4 йилдан кейин катталар ўртасидаги жангларда иштирок этади. Улар келгусида Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов сингари тажрибали спортчиларимиз ўрнини эгаллашини назарда тутсак, турнирда қатнашган 8 нафар ёшларимиздан 7 нафари шоҳсупага кўтарилганлиги терма жамоа ўз олдига қўйган вазифани уддалаганлигидан далолат. Қолаверса, ўсмирлар ўртасидаги халқаро турнирларда ёш боксчиларимизнинг иштирокини таъминлаш орқали тажрибасини ошириб бориш, уларда нуфузли мусобақалар кўникмасини тизимли шакллантириш асосий вазифаларимиздан бири саналади, – деди Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев.
Халқаро турнир давомида мусобақаларни бошқариб борган ўзбекистонлик тажрибали ҳакам Маъруф Урдушев жангларни яхши назорат этиб борган реферилар қаторида эътироф этилди.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА