Бугун, 25 мартдан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуасида оғир атлетика бўйича ёшлар ва катталар ўртасида бошланган Ўзбекистон чемпионати нафақат мамлакатимиз, балки кўплаб хорижлик спорт мутахассислари эътибор марказидаги мусобақалардан бири бўлмоқда.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 300 нафардан зиёд оғир атлетикачилар қатнашаётган басҳларда ёзги Олимпия ўйинлари ғолиблари Руслан Нурудинов ва Акбар Жўраев, жаҳон чемпионлари Достон Ёқубов ҳамда Турсуной Жабборова, дунё биринчилиги совриндори Адҳам Эргашев, узоқ танаффусдан сўнг катта спорт майдонига қайтган Рустам Жангабаев каби донгдор спортчилар ўз вазнларида ғолиблик учун курашга киришмоқда.

–Юртимизда ўтадиган ички чемпионатларга қизиқиш юқори бўлмоқда. Бу гал ҳам Чирчиқда ўтаётган Ўзбекистон чемпионатини кузатиш учун турли мамлакатлардан мураббийлар, спорт мутахассислари мусобақага келиб, бевосита кузатаётганини таъкидламоқ лозим. Айнан ушбу биринчиликлар истеъдодли ёшларни кашф этишда, халқаро майдонда муносиб натижага эришадиган спортчиларнинг кейинги спорт фаолиятини белгилашда муҳим саналади, – дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Азамат Шарипов.

31 мартга қадар давом этадиган Ўзбекистон чемпионати жорий йилда ўтадиган қитъа биринчилиги, Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган асосий ва захира таркибни аниқлаб олишга хизмат қилади.

Т.Рўзиев, ЎзА