Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, бугунги учрашув ҳамда фожиа кунларида Ташкилот мамлакатлари Туркияга кўрсатган биродарлик ёрдами туркий халқлар энг мушкул дамларда бир-бирига мустаҳкам таянч ва суянч бўлаётгани, уларнинг дўстлиги ва бирдамлиги қудратли куч эканининг яққол амалий тасдиғидир.

–Барчамиз сизларга мададкор бўлиб, зилзила оқибатида вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, ижтимоий ва саноат объектларини тиклаш ва янгиларини барпо этиш ишларига бор кучимизни йўналтиришга тайёрмиз. Жумладан, биз зилзила марказларидан бири бўлган ва қутқарувчиларимиз иш олиб борган Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз.

Биз барпо этмоқчи бўлган кўркам уй-жойлар, замонавий мактаб ва инфратузилма объектлари келгусида том маънода яқин дўстлик ва бирдамлигимизнинг ёрқин тимсолига айланишига аминман.

Бундан ташқари, талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларнинг юртимизда соғлиғини тиклаши ва дам олишлари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимиз қадамжоларини зиёрат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб берамиз. Бу гуруҳларга Ташкилотимиз Оқсоқоллар кенгаши бошчилик қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди,– деди давлатимиз раҳбари. – Шу билан бирга, ушбу ёз мавсумида биз Ҳатай ёшларининг ҳам Ўзбекистонга ташрифини ташкил этмоқчимиз. Уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари ҳамда қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сафарларини, юртимиздаги ўз тенгдошлари билан қўшма тадбирларни ўтказиш ниятидамиз.

ЎзА