Яқинда Ҳиндистон раислигида ШҲТга аъзо давлатлар Энергетика вазирларининг учинчи йиғилиши онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Тадбир энергия ресурсларини экспорт ва импорт қилувчи, шунингдек, ишлаб чиқарувчи ШҲТга аъзо давлатларда энергетика соҳасидаги муаммоларга қарши курашиш бўйича фикр алмашиш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун муҳим майдонга айланди.

Шунингдек,  йиғилишда Ўзбекистонда, хусусан, Самарқанд шаҳрида 2022 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини, тоза энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурнинг аҳамияти ва ўз вақтида амалга оширилиши ҳақида сўз борди.

Ўз навбатида,  минтақада энергия ресурслари савдосини таъминлаш ва энергия хавфсизлигига эришиш учун тегишли инфратузилма ва тоза энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқишни ривожлантириш зарурлиги ҳам қайд этилди.

Таъкидланганидек, йилдан-йилга барча мамлакатларда энергия истеъмоли ўсиб бормоқда. Пандемия ва баъзи минтақавий воқеаларга қарамай, бутун дунё иқтисодиёти ўсиб бормоқда. Йиғилиш доирасида энергетика соҳасидаги қарорлардан келиб чиқиб, мамлакатларнинг кам углеродли иқтисодиётга ўтишини ҳисобга олган ҳолда барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга келишиб олинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов глобал ва минтақавий энергия бўйича кун тартибидаги ўзгаришларнинг ҳолати ва истиқболлари ҳақида ўз таклифини билдирди. ШҲТ барча соҳаларда, шу жумладан, энергия хавфсизлигини таъминлашда глобал ва минтақавий масалаларни таҳлил қилиш ва ҳал этишга қаратилган ҳамкорликнинг энг муҳим платформаларидан бири экани ва Ўзбекистонда энергетика соҳасида амалга оширилган ишлар, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

Йиғилиш якунида вазирлар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида янги ёқилғи турлари ва энергетика соҳасида моделлаштириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотни маъқуллади. Шунингдек, унда 2024 йилда Қозоғистон Республикасида навбатдаги Энергетика вазирлари йиғилишини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

 

ЎзА