Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Ташриф давомида Фолькер Тюрк Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий суд раиси, Бош прокурор, ички ишлар ва адлия вазирлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан учрашувлар ўтказди. Қорақалпоғистон Республикасига сафар қилди, Сенат раиси билан учрашди. Олий мартабали меҳмоннинг юртимизга ташрифи якуний тадбири сифатида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Ф.Турк нутқи аввалида Ўзбекистон ранг-баранг, бой, аммо жуда мураккаб тарихга эга эканини таъкидлади. У аввал ҳам, диёримизга мустақилликка эришилгандан кўп ўтмай ташриф буюргани, бугун эса бутунлай бошқача мамлакатни кўраётганини ҳайрат билан сўзлади. Журналистларга қарата Тошкентга биргина назар ташлаш кифоя экан, бугун мен имкониятга тўла, жўшқин давлатни кўряпман, деди.

– Сўнгги олти йил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқини таъминлаш бўйича ақл бовар қилмайдиган ислоҳотлар юз берганини кўриш мумкин, – дейди БМТ Олий комиссари. – Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар барча соҳалардаги муҳим ҳуқуқий ислоҳотларни қамраб олган. Пахта даласида мажбурий меҳнатга барҳам берилиши, 76 мингдан зиёд фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик берилиши, Сурия ва бошқа ҳудудлардаги лагерлардан 500 дан зиёд аёл ва бола қайтарилиши ва жамиятга қайта интеграциялашуви фикримга яққол мисол бўла олади.

Бошқа давлатларни Ўзбекистондан ўрнак олишга чақираркан, Ф.Тюрк инсон ҳуқуқи бўйича халқаро механизм, инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, идоралар билан турли масалалар, жумладан, Ногиронлар ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш бўйича изчил ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этди.

– Ташрифим давомида ҳукумат вакиллари олдинда турган вазифалар кўлами ҳақида маълумот беришди, – қўшимча қилди у. – Улар ўзларига мерос қолган қийинчиликлар ҳақида ҳам гапиришди. Унутмайлик, эски одатдан  қутулиш қийин. Вақт ўтиши билан инсон ҳуқуқига оид тафаккур ва ҳатти-ҳаракат мамлакат тузилишига чуқур сингиб боряпти, ислоҳот тезлашди. Бу босқичма-босқич кечадиган жараён ва олдинда ҳали иш кўп эканини ҳам яхши тушунаман. Сафдан ҳеч ким четда қолмаслиги керак.

Матбуот анжуманида, шунингдек, Ф.Турк БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича идоравий ҳукумати, жумладан, Марказий Осиё бўйича минтақавий идора билан ҳамкорликни юқори баҳолашини, тегишли таклифлар жараённи янада чуқурлаштиришини таъкидлади. У уч кунлик ташрифи давомидаги кузатишлари, тавсияларини ҳукуматга етказиш имконига эга бўлганини мамнуният билан қайд этди.

– Дарҳақиқат, ташриф чоғида ҳаётнинг барча жабҳаларида – сиёсий соҳадан тортиб, жамоатчилик йўналишигача гендер тафовутини бартараф этиш зарурлиги масаласини кўтардим, – деди юқори мартабали меҳмон. – Мен Президент ҳам, Сенат раиси ҳам ушбу номутаносибликни бартараф этишга қатъий киришганини олқишлайман.

Шунингдек, Турк оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш режасига оид дастурлар билан танишганини ҳам очиқлади.

Журналистлар иштирокида такил этилган тадбирда фаол фуқаролик жамияти инсон ҳуқуқи “ғилдираги”нинг ўқидир, деган ибора ҳам ишлатилди. Мутахассис нодавлат ташкилотлар аралашувдан холи муҳитда эркин фаолият юритиши жуда муҳим эканига урғу берди. Худди шундай, турли хил қарашларни рағбатлантириш, фуқаролик жамиятини кенгайтириш учун турфа фикрли муҳит зарурлиги ҳақида сўз борди.

Олий комиссар ҳисоботида эркин оммавий ахборот воситалари, очиқ рақамли макон барчага мамлакатни тараққий эттириш жараёнида тўлиқ иштирок этиш учун қулай муҳит яратишини эслатди. Журналистларни, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича кейинги ҳаракатлар шундай чоралар сирасига кириши таъкидланди.

Фолькер Тюрк Қорақалпоғистон Республикасига саёҳати хусусида ҳам маълумот берди. У Нукусда Савицкий номидаги музейда ёшлар билан, шаҳар четидаги маҳаллада жамоат раҳбарлари ва оқсоқоллар билан мулоқот қилиш шарафига муяссар бўлди.

Сўзи сўнгида меҳмон барчани Инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги билан қутлади.


Саидмурод Раҳимов, Беҳруз Худойбердиев, ЎзА