Тошкентда Ўзбекистон –Бирлашган Араб Амирликлари бизнес форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Дубай Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда икки давлатнинг тегишли вазирлик, идоралари, тижорат банклари ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, ишбилармон доиралардан 100 га яқин вакил иштирок этди.
Тадбирда инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича тўпланган бой тажриба, Ўзбекистонда қўшма лойиҳалар амалга ошириш ва савдо алоқасини кенгайтириш учун яратилган шарт-шароит эътироф этилди. Мазкур тадбир ҳам икки мамлакат тадбиркорларига янги инвестиция битимлари, савдо шартномалари тузиш учун кенг имконият яратади.
Форум доирасида БАА ишбилармон доира вакилларини мамлакатимиз сармоявий, савдо-иқтисодий, логистика салоҳияти, солиқ, божхона ва банк соҳалари билан яқиндан таништириш мақсадида эксперт сессияси уюштирилди.
– Марказий Осиё мамлакатлари ичида айнан Ўзбекистон биз учун жуда муҳим, – дейди “Dubai Chambers” компанияси президенти ва бош директори Муҳаммад Али Рашид Лута. – Мамлакатингиз БААнинг асосий стратегик ҳамкорларидан ҳисобланади. Шу маънода маҳаллий экспертларнинг бугунги тадбир доирасида намойиш этилаётган турли йўналишдаги тақдимотлари, тадбиркорлар билан бўлган юзма-юз учрашувлар икки томон учун ҳам манфаатли. Кўплаб корхоналаримиз ўз фаолиятини Ўзбекистон ҳисобига кенгайтириш ниятида. Мазкур форумда Дубайдан 66 тармоқ бўйича 24 компания вакиллари иштирок этмоқда. Улар маҳсулотини юртингизга экспорт қилиш, шу давлатга инвестиция киритиш лойиҳаларини ҳамкорларга тақдим этишади.
Форум иштирокчилари мамлакатимизда инвестиция ва ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш учун иқтисодиётнинг муайян тармоқларида, эркин иқтисодий зоналарда яратилган шарт-шароитни ҳар томонлама ўрганди. Умумий манфаатни, ҳамкорлик истиқболини белгилаш, биргаликда ҳаётга татбиқ этиладиган лойиҳавий таклифларни кўриб чиқиш имконига эга бўлдилар.
Аниқ йўналиш ва лойиҳалар бўйича ҳамкорликнинг амалий жиҳатини муҳокама қилиш мақсадида очиқ мулоқот тарзида ўтказилган G2B ва B2B учрашувларида томонлар манфаатлар кесишадиган нуқталарни аниқлаб олишди.
– Бугунги кунда БАА билан савдо ва иқтисодиёт соҳасида алоқамиз ривожланиб, кенгайиб бормоқда, – деди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Шоҳруҳ Эркинов. – Давлатларимиз савдо айланмаси ҳозир 500 миллион доллардан ортган, яқин йиллар ичида бу кўрсаткични 1 миллиардга олиб чиқиш режаси тузилган. Айни пайт қиймати 5 миллиард долларга тенг жорий инвестиция портфелини яна кенгайтирамиз. Бугунги тадбир айни саъй-ҳаракатнинг узвий бўлаги. Ҳукуматлар аро йўлга қўйилган мустаҳкам алоқани икки томон ишбилармон доира вакиллари иштирокида кенгайтириш устида иш олиб бориляпти.
Қайд этиш ўринли, БАА ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқани ривожлантиришга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилган. Ҳозир ўтган йил 8 декабрда бошланган ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда мамлакатимиз вакиллари БААдаги инвестиция муҳити билан танишиб, юртимиз имкониятлари ҳақидаги маълумотни ҳам тақдим этган. Бугун БАА вакиллари келиб, биздаги шароит ва имкониятни ўрганмоқда.
Бизнес-форум якунида энергетика, тўқимачилик, туризмни ривожлантириш, электротехника ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, қурилиш ва фармацевтика соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Гўзал Сатторова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА