Мисрнинг Искандария шаҳрида пара дзюдо бўйича якунланган халқаро Гран-при турнирида ўзбекистонлик матонатли спортчилар 6 та медални қўлга киритди.
Аёллар ўртасида J1 классида 57 килограмм вазнда Ҳосият Фозилжонова бронза медали учун АҚШлик Лиана Мутиа билан кураш олиб борди ва ғолибликка эришди. Яна бир иродали пара дзюдочи қизимиз Феруза Эргашева J1 классида +70 кило оғирликда бронза медалига сазовор бўлди.
Эркаклар ўртасида J2 классида +90 кг. вазн тоифасида Аловиддин Жўрақулов финалда грузиялик Звиат Гоготчури билан олтин медаль учун беллашди. Шиддатли баҳс якунида ҳамюртимиз кумуш медални қўлга киритди.
Дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан пара дзюдочилар қатнашган нуфузли мусобақада терма жамоамиз 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза, жами 6 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллади.
Бугун, 16 март куни Мисрда муваффақиятга эришган иродали спортчиларимиз Тошкентга қайтиб келди.
Т.Рўзиев,
ЎзА