Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида 70 га яқин давлатнинг 300 дан зиёд боксчи қизлари иштирокида навбатдаги жаҳон чемпионати бошланди.

Кеча мусобақанинг расмий очилиш маросими, қуръа ташлаш, техник комиссия аъзоларининг йиғинлари ташкил этилди.

Ўзбекистон терма жамоасининг 10 нафар боксчи қизлари қатнашаётган чемпионатнинг қуръа натижаларига кўра, 48 килограммда Фарзона Фозилова италиялик Роберта Бонатти, 50 кило оғирликда Азиза Ёқубова таиландлик Чутхамат Раксат, 52 килограммда Феруза Қозоқова Жанубий кореялик Жунхюнг Жун, 54 килограмм вазнда Нигина Ўктамова мексикалик Каролина Фернандез, 57 килограммда Маҳлиё Ҳабибуллаева австралиялик Тина Рахими, 60 килограммда Ситора Турдибекова қозоғистонлик Римма Волассенко, 63 кило оғирликда Хадичабону Абдуллаева гайаналик  Алеша Жекман, 66 килограммда Навбаҳор Ҳамидова Янги зеландиялик Сара Варерау ва ҳиндистонлик Манжу Бамбория жуфтлиги ғолиби билан, 70 килограммда Азиза Зокирова россиялик Анастасия Демурчян, 75 килограммда Соҳиба Рўзметова вьетнамлик Кун Дием билан дастлабки жангларини ўтказади.

Бугун, 16 март куни чемпионатнинг илк кунидаги саралаш жангларида ҳамюртларимиздан Феруза Қозоқова ҳамда Маҳлиё Ҳабибуллаева рингга кўтарилади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА