Профессионал бокснинг WBA йўналишида муносиб жанглар ўтказаётган ҳамюртимиз Отабек Холматов ярим енгил вазнда чемпионликка даъвогар сифатида расман тан олинди.
Бу ҳақда Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) хабар берди. Отабек Холматов WBA чемпионлик камари учун мексикалик Маурисио Лара билан жанг қилиш эҳтимоли борлиги, унинг жамоаси жорий йил 18 апрелга қадар ихтиёрий ҳимоя жангини кимга қарши ўтказиши бўйича қарор қабул қилиши лозимлиги ва ушбу муддатда кутилган тўхтамга келинмаса, WBA ярим енгил вазндаги чемпионлик масаласида Отабек Холматов Маурисио Ларага қарши рингга кўтарилиши таъкидланди.
Профессионал боксда 11 та жанг ўтказиб, барчасида ғалабага эришган сирдарёлик Отабек Холматов айни пайтда WBA йўналишида чемпионликка даъвогар сифатида эътироф этилган бўлса, IBF рейтингида кучли еттиликда қайд этилган.
Шунингдек, боксчимиз vRINGe.com талқини бўйича ушбу вазнда дунёнинг энг кучли ўнталик чарм қўлқоп усталари қаторида эътироф этилди.
Эслатиб ўтамиз, Отабек Холматов жорий йилнинг 5 мартида WBA Eliminator жангида британиялик Томас Патрик-Уордни мағлуб этган эди.
Т.Рўзиев,
ЎзА