Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Сенатига ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева делегация билан учрашувда мамлакатимизда кечаётган конституциявий ислоҳотлар билан боғлиқ муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар хусусида тўхталди.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси икки босқичда халқнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўрганилиб, аҳолининг барча қатламлари, кенг жамоатчилик иштирокида умумхалқ муҳокамаси орқали тайёрланди.

Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси чоғида жами 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушгани, ҳар тўртинчи таклиф лойиҳада ўз аксини топгани, муҳими, янгиланган Конституциянинг асосий қисмини айнан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид нормалар ташкил этгани таъкидланди.

Мулоқот чоғида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича низом ва шартномавий органлари орқали мамлакатларнинг халқаро мажбуриятларини амалга оширишда парламентнинг ролини ошириш масалалари юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди.

Танзила Норбоева БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин тутиши, хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан конструктив алоқаларни янада кенгайтириш, хусусан парламент аъзоларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги салоҳиятини кучайтиришга қаратилган  ўзаро мулоқотнинг манфаатли эканини таъкидлаб ўтди.

Фолькер Тюрк Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришилган натижаларни ва ҳозирда амалга оширилаётган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.

Олий комиссар Ўзбекистоннинг можаролар юз берган  зоналардан аёллар ва болаларни қайтариш, уларни жамиятга реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериб, бу борада амалга оширилаётган ишлар кўплаб давлатлар учун намуна эканини таъкидлаб ўтди.

Суҳбат чоғида хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги  ролини кучайтириш, ижтимоий-инклюзив муҳит ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Конструктив ва амалий руҳда ўтган учрашув якунида жамиятда инсон ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш механизмларини ишга солишга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА