Бугун, 15 март куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон терма жамоаси U-20 Осиё кубоги финал йўлланмаси учун Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушди.
Терма жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаровнинг техник-тактик схемаси асосида ҳаракатланган футболчиларимиз биринчи ва иккинчи бўлимда муносиб ўйин кўрсатди.
33 минг 977 нафар ишқибоз гувоҳлигида ўтган ўйин сўнгги дақиқагача давом этди. Финалчи пенальтилар сериясида аниқланди.
Ирода ва матонат намойиш этган футболчиларимиз бу борада омадли эканлигини исботлади.
Терма жамоамиз дарвозабони Отабек Боймуродов кореялик футболчилар билан 11 метрлик қарама-қаршиликда ўз маҳоратини намойиш этиб, қаҳрамонга айланди ва ҳамюртларимизни финалда яна ироқликлар билан рўбарў келишини таъминлади.
Дарвоқе, ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида Ироқ-Япония “дуэли”да ироқликлар финалда курашишга ҳақли эканликларини намойиш этди.
Энди 18 март куни “Бунёдкор” стадионида ўтадиган қитъа кубоги финалида Ўзбекистон-Ироқ чемпионлик учун майдонга тушади.
Т.Рўзиев, ЎзА