Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлик тизимининг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Шу боис мазкур соҳадаги ҳуқуқий асосларни замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириб бориш алоҳида аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

— Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни таъминлаш бунга масъул бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигига салбий таъсир кўрсатадиган омилларни бартараф этишни талаб этади, — деди маърузачи депутат Тўлқин Каримов. — Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) ҳамда ички ишлар органи ходими зиммасига ўз бурчини бажараётган ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш вазифаси тенг юкланган.

Аммо Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларида айрим ваколатларнинг мавжуд бўлмагани ҳуқуқни қўллаш амалиётида муаммолар келтириб чиқармоқда. Масалан, Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 225-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, яъни назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун ҳудудий ички ишлар органларига юборилиши шахсларнинг оворагарчилигига ҳамда ортиқча пул маблағларининг сарфланишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари жанговар шайлигига ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Хусусан, баъзи ҳудудларда ички ишлар органлари бўлинмалари Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари взводларидан тахминан 60-70 км узоқликда жойлашган. Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ айрим турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш, маъмурий йўл билан ушлаб туриш, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш ваколатини бериш ҳамда Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаслик ёки уларнинг ўз хизмат бурчини бажаришига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.

Шу билан бирга, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда қўлланиладиган қўриқлашнинг техник воситаларини йўқ қилганлик ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида сўз олган депутатлар ўз фикрларини, таклифларини баён қилди.

М.Комилова, 
ЎзА