Сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар юзага келаётган бир пайтда фермер ва деҳқон хўжаликларига сув етказиб бериш, сув билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш долзарб аҳамиятга эга.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни шу масалага қаратилгани билан алоҳида эътиборга молик.
– Сув ресурсларини бошқариш, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда сув муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни қонунчилигимизда акс эттириш орқали мазкур жараён билан боғлиқ бир хил талқин ва ёндашувни шакллантириш зарурати тегишли қонунларимизга ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда, – деди депутат Аъзамжон Тўлабоев. – Шу мақсадда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси билан бир қатор қонунларимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, таклиф этилаётган нормалар билан фермер ва деҳқон хўжаликларига сув етказиб бериш, сув истеъмоли режаларини белгилаш, томорқа ер участкаларини сув билан таъминлаш бевосита туман ирригация бўлими томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши туман ирригация бўлимлари томонидан фермер, деҳқон хўжаликларига сув етказиб беришда кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш, сув билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ва ундан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси моддама-модда муҳокама этилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА