Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
— Бугунги кунда экспортбоп ва юқори қийматга эга ҳисобланган каврак хомашёсидан назоратсиз, режасиз ва нотўғри фойдаланиш натижасида доривор ўсимлик саналган каврак табиий тарқалган майдонлар қисқариб бормоқда, — деди депутат Шерзод Раҳимов. — Ички ва ташқи бозорда кавракка бўлган талабнинг юқорилиги ҳамда унинг ширасини қайта ишлаш орқали тайёрланган хомашё нархи ошиб бораётгани туфайли каврак ўсимлигини маданий усулларда кўпайтириш, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларини кенгайтириш мақсадида каврак етиштирувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.
Ушбу қонун лойиҳасида ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига унинг доимий фойдаланишида бўлган яйлов ерларда кавракни йиғиш, ғамлаш ва четга олиб чиқиш учун рухсатнома бериш ваколати берилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан республиканинг яйлов ер майдонларида табиий ҳолда ўсувчи каврак захираларидан барқарор фойдаланиш, каврак плантацияларини ташкил этиш, хомашёсини йиғиш ва уни экспорт қилиш учун қулай шароитлар яратиш орқали ушбу соҳани ривожлантиришга асос яратилади.
Қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқиш давомида депутатлар бир қатор моддалар юзасидан савол ва таклифларини, айрим эътирозларини билдирдилар. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва ноёб тожик кавраги ўсимлигини сақлаб қолиш ва уни кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, айрим моддаларидаги нормаларни аниқлаштириш зарурати мавжудлиги боис кейинги мажлис муҳокамасига қолдирилди. Масъул қўмитага уни такомиллаштириш, мутахассислар иштирокида пухта кўриб чиқиш вазифаси топширилди.
М.Комилова,
ЎзА