Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан «Оқ олтин» овул фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда “Обод маҳаллам” лойиҳаси доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Обод маҳаллам” лойиҳаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролар билан ҳамкорликда жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш, аҳолининг экологияга оид билимларини кенгайтириш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришга қаратилган.
Лойиҳа режасига кўра, «Оқ олтин» овулини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш мақсадида ҳашар уюштирилди. Тадбир давомида овул ҳудудидаги кўчалар тартибга келтирилиб,тозаланди, йўл бўйларига, кўчалар четларига 700 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт, кўп йиллик гул кўчати ўтқазилди.
Ҳашарда овулнинг нуроний отахон ва онахонлари ҳам иштирок этиб, ёшларга маҳалла ободлиги, хонадонлар тозалиги, кўчат экишнинг савобли амал эканлиги хусусида тавсияларини берди. Натижада, ҳудуддаги идора, ташкилотлар, таълим муассасалари атрофлари, кўчалар тозаланиб, ўзгача чирой очди. Дарахтларга шакл берилди.
Иштирокчилар овулнинг “Жийдали кулон” аҳоли пунктидаги иссиқхоналарда эртаги экинлар кўчатларини етиштираётган хонадонларда бўлиб, фаолияти билан танишди.
Нурулла Тожибоев хонадонидаги 4 сотихлик иссиқхонасидан ҳар йили мевали, манзарали дарахтлар, эртаги экинлар кўчатларини етиштириб, аҳолига сотади. Помидор, бақлажон, бодринг, булғор қалампири каби экинлар кўчатларини кўкламда томорқасига кўчириб ўтқазиб, эртаги экинларни биринчилардан бўлиб бозорга чиқаради. Шу ҳудудда яшовчи Қурол Камолов эса ўз ҳовлиси томорқасидаги иссиқхонасида эртаги экинлар кўчатларидан ташқари туман иқлим шароити ва тупроғига мос арча кўчатини ҳам етиштирмоқда.
Тадбир давомида Нурулла Тожибоев, Қурол Камоловлар томонидан иссиқхоналарда кўчат етиштириб, даромад топиш, оиланинг иқтисодини яхшилаш юзасидан маҳорат дарслари ўтказилди. Шунингдек, мевали дарахтларни пайвандлаш, дарахтларни буташ усуллари бўйича иштирокчиларга маслаҳат берилди.
Шу куни аҳоли пунктида сумалак сайли ташкил этилди. Нуроний онахонлар томонидан ижро этилган шўх-шўх қўшиқлар, қизалоқларнинг рақслари сумалак сайлига ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбир “Уч авлод учрашуви” билан давом этди. Унда овулда узоқ йиллар давомида юрт равнақи, тинчлиги, ёш авлод таълим-тарбияси, аҳоли саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилган нуроний отахонлар, кайвони оналар, ўрта авлод вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда овул фуқаролар йиғини раиси Алишер Шамшетов, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Баҳодир Болтабоев, Нуронийларни қўллаб-қувватлаш жамоатчилик кенгаши раиси Бекман Алламберганов барчани Наврўз байрами билан қутлаб, жорий йил кўкламги ишларга эзгу ниятлар билан киришган Оқ олтинликларнинг меҳнатларига барака тилади. Ҳудудда ўтказилган ҳашар, сумалак сайли ва уч авлод учрашуви иштирокчиларда, айниқса ёшларда катта таассурот қолдирди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири