2023 йил 14 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Жорий йил 10 март куни Қонунчилик палатаси мажлиси ўтказилиб, унда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарорда, унинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун уни Конституциявий судга юбориш ва унинг хулосасини олиш ҳам белгиланган эди.

Конституциявий суд жорий йил 13 март куни ўз мажлисини ўтказиб, юқоридаги қарорни ўрганди ва уни Конституцияга мувофиқ деб топди. “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Конституциявий қонун лойиҳаси Сенатда кўриб чиқилди.

Мажлисда, таъкидланганидек, конституциявий ислоҳотлар мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади ҳамда Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка ва шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштиради.

Халқимизнинг, эксперт ва мутахассисларнинг таклифлари, халқаро ва хорижий давлатларнинг тажрибаси инобатга олинган

“Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши керак” ғояси асосида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумҳалқ муҳокамаси ўтказилиб, жами аҳолидан уни такомиллаштириш бўйича 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган ва уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олган.

Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта таҳлил этилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, 10 га яқин хорижий ва халқаро экспертизалардан ўтказилиб, улар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон давлатининг ҳуқуқий мақоми бўйича қатъий нормалар киритилмоқда

Илк маротаба Конституцияда Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат эканлиги ўзгармас қоида сифатида мустаҳкамланмоқда. Ушбу қатъий норма жонажон Ватанимиз мустақиллигини асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотларни жадал давом эттириш ҳамда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон халқаро муносабатларда аҳил қўшничилик ва стратегик ҳамкорликка содиқ қолади

Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик принциплари билан бир қаторда давлатлар ҳудудий яхлитлиги принципининг ҳам эътироф этилиши юртимизнинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган ғояларига содиқ ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини янада оширади.

Сенаторлар томонидан қўшниларимиз билан орамиздаги 25 йиллик “музни эритиш” осон бўлмагани, бу жуда катта сиёсий ирода, машаққатли меҳнат талаб этгани, биргина қардош Қирғизистон билан 30 йиллик чегара муаммоси ечилгани ҳисобига, 2 миллиондан зиёд водий аҳолиси ўз яқинлари ва қариндош-уруғлари билан эркин борди-келди қилиш имконига эга бўлгани алоҳида таъкидланди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда

Лойиҳада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти сифатида муҳрлаб қўйилмоқда. Сенаторлар ушбу норма бутун Конституция мазмунига сингдирилганлигини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилайди, деб акс эттирилмоқда.

Шу билан бирга инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.

Лойиҳада “инсон-жамият-давлат” тамойили асосида инсон ҳуқуқлари борасидаги нормалар қарийб 3,5 бараварга кўпаймоқда. Хусусан, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар бир шахс ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга эканлиги, ушбу ҳуқуқнинг чекланиши ва турар жойда тинтув ўтказишга фақат суд қарорига асосан йўл қўйилиши ҳақида жиноят процессида шахс дахлсизлиги кафолатларини мустаҳкамловчи норма киритилмоқда.

Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши илк маротаба Конституция даражасида белгилаб қўйилмоқда.

Ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойилига қаратилган ижтимоий давлат белгилари ўз ифодасини топди

Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб белгилаш – бундан-буён давлатнинг устувор сиёсати ижтимоий ҳимояланмаган ёки эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлашга, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатишга қаратилишидан далолат бериши таъкидланди.

Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда, хусусан, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда.

Муҳокамада давлат ўз зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш бўйича мажбуриятини олаётганлиги ҳам ижтимоий давлатга хос эканлиги таъкидланди.

Ҳар бир инсон уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлатнинг уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва уй-жойли бўлиш ҳуқуқини амалга ошириш учун шароитлар яратиш мажбурияти белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан ўтган йили мамлакатимизда 50 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратиб берилгани, бу йил 90 минг ҳамда 2-3 йилда 200 минг оилани уй-жойли қилиш режалаштирилганлиги таъкидланди. Ушбу конституциявий норма мазкур марраларга эришиш ва бу борадаги ишларни давом эттириш учун кафолат бўлиши қайд этилди.

Аҳоли соғлиғини сақлашнинг конституциявий асослари мустаҳкамланмоқда

Мажлисда лойиҳада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайганлигига, хусусан, илк маротаба ҳар бир инсоннинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи ҳамда аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи Конституция даражасида эътироф этилаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат аҳолига бир қатор тиббий хизматларни бепул кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммасига олмоқда. 2023 йилда “Кафолатланган хизматлар пакети” қайта кўриб чиқилиб, 20 турдаги касалликлар бўйича диагностика, даволаш ва профилактика хизматлари ҳажми тўлиқ қамраб олиниши, кўп учрайдиган 20 турдаги касалликлар бўйича бирламчи бўғиндаги бепул анализ турлари – 15 тадан 25 тагача, текширувлар – 10 тадан 20 тагача, дорилар – 64 тадан 90 тага оширилиши таъкидланди.

Таълим олиш ҳуқуқи ва ўқитувчилар – Конституция ҳимоясида

Лойиҳада илк маротаба олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар киритилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституцияда танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши кафолатланмоқда. Сенаторлар 2017 йилгача олийгоҳларга кириш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келганлиги, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгариб, грантлар сони 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Сенаторлар ушбу нормалар ёш авлоднинг замонавий мутахассисликларни эгаллаши, олий маълумотли бўлиши, таълим тизимини барқарор ривожланиши учун шароит яратишга қаратилган муҳим қоидалар белгиланганлигини алоҳида таъкидладилар.

Шу билан бирга алоҳида эҳтиёжларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг ташкил этилиши, уларни ҳамма қатори умумий мактабларда ҳам ўқишини йўлга қўйилиши Янги Ўзбекистонда инсон қадри тамойилининг амалий ифодаси ҳисобланади.

Лойиҳада давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши ва бошланғич профессионал таълим бепул эканлиги ҳам белгиланмоқда. Муҳокамада сўнгги олти йилда болаларнинг боғча билан қамрови 27 фоиздан 70 фоизга ошгани ҳамда Конституцияга киритилаётган янги нормалар бу борада янги марраларга эришиш имконини бериши таъкидланди.

Сенаторлар томонидан ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш борасидаги нормага алоҳида тўхталиб ўтилди. Мажлисда ушбу норма юртимизда ўтган олти йил ичида ўқитувчининг қадрини кўтариш, унинг нуфузи ва мавқеини юксалтириш бўйича амалга оширилган ишларни мустаҳкамлаши ва ўқитувчиларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Мажбурий меҳнат тақиқланишининг конституциявий кафолатлари белгиланмоқда

Узоқ йиллар давомида жамиятимизда улкан муаммо бўлган ва юртимизнинг халқаро имижига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди. 2009 йилдан бери мамлакатимизга тамға бўлиб келган Cotton Campaign халқаро коалициясининг “пахта бойкоти” 2022 йилда бекор қилинганлиги ҳам бу борадаги ишларимизнинг амалий натижаси бўлди.

Сенаторлар болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнатининг тақиқланиши Асосий қонунимизда тўғридан-тўғри ёзиб қўйилаётганлиги ушбу салбий иллатнинг тарихда қолиши учун кафолат бўлишини таъкидладилар.

Бозор механизмлари янада ривожлантирилади ва хусусий мулк дахлсизлиги кафолатланади

Миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтириш соҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, давлат томонидан бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилишни таъминлаш механизмлари белгиланмоқда.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 бараварга ва даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш вазифаси қўйилган. Таклиф этилаётган нормалар ушбу марраларга эришиш ва иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилади.

Лойиҳада мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланмоқда. Бу эса, иқтисодиёт барқарор ўсиши, фаровон ҳаётимиз таянчи ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларимизнинг эркин фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратиши таъкидланди.

Ёшлар, болалар, аёллар ҳуқуқлари – давлат ҳимояси остида бўлади

Лойиҳада инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, болалар, ёшлар ҳуқуқлари, оила масалаларига бағишланган кафолатлар кучайтирилмоқда. Хусусан, ёшлар, болалар, аёллар, оила ҳақида ғамхўрлик қилиш давлат ва жамиятнинг энг муҳим вазифаси сифатида муҳрланмоқда. Давлат томонидан ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши белгиланмоқда.

Сенаторлар янги Ўзбекистонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат ва жамият ишларидаги иштироки учун кенг имкониятлар яратиш борасида дадил қадамлар қўйилганлигини қайд этдилар.

Хусусан, илк маротаба хотин-қизларнинг миллий парламентимиздаги улуши БМТ тавсияларига мос 32 фоизга етди. Аёллар улуши давлат хизматида – 33 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида – 46 фоизни, таълимда – 74 фоизни, тиббиётда – 77 фоизни ташкил этмоқда. 2 минг нафарга яқин аёлларимиз давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда.

Сенаторлар лойиҳада аҳолимизнинг 18 миллиондан ортиғини ташкил этувчи ёшлар масаласига бағишланган махсус боб киритилаётгани муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидладилар.

Хусусан, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олмоқда. Ушбу қоидалар ёшлар ҳаётда ўзларини тўлақонли намоён этиш имкониятини таъминлаши таъкидланди.

Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар конституциявий мустаҳкамланмоқда

Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлашга бағишланган махсус ҳуқуқий нормалар, хусусан, давлат томонидан атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш юзасидан чоралар кўриши белгиланмоқда.

Мажлисда ушбу конституциявий норма янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида белгиланган 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш, иқтисодиёт тармоқларининг ҳавога чиқарадиган зарарли газлар ҳажмини ялпи ички маҳсулот ҳисобида 10 фоизга қисқартириш каби мақсадларга эришиш учун пойдевор бўлиши алоҳида таъкидланди.

Шу муносабат билан сенаторлар фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш мақсадида давлат шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шароитлар яратади, деб таъкидладилар.

Фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларига оид нормалар янада  ривожлантирилмоқда

Фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақоми конституциявий жиҳатдан янада кучайтирилмоқда, илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиб, фуқаролик жамияти институтларига таъриф берилмоқда ва улар фаолияти кафолатлари белгиланмоқда.

Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш Ҳукуматнинг энг муҳим вазифалари сифатида белгиланмоқда.

Сенаторлар ўтган 6 йилда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 25 бараварга ошганлигини, ногиронлиги бўлган шахсларнинг 472 та жамоат бирлашмаси, 150 та миллий маданий марказлар фаолиятини бюджетдан молиялаштириш тизими жорий этилганлигини ва конституциявий нормалар бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Мажлисда лойиҳадаги ушбу нормалар оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этиши, жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаши, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, юртимизда сўз ва ахборот эркинлигини янада юксалтириш учун замин ҳозирлаши қайд этилди.

Давлат ҳокимияти тизими тубдан ислоҳ этилиб, парламентаризм янада кучаймоқда

Давлат ҳокимиятини ташкил этиш асослари, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқларининг мақоми, ўзаро муносабатлари тубдан такомиллашмоқда, давлат ҳокимиятининг олий органлари ўртасидаги баланс, мувозанат кучайтирилмоқда. Парламент ваколатлари кучайтирилиб, Сенатнинг ҳудудий вакиллик палатаси сифатидаги мақоми такомиллаштирилмоқда.

Амалдаги Конституция бўйича Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 та бўлган бўлса, лойиҳага асосан уларнинг сони 12 та бўлмоқда. Сенатнинг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага ошмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, илғор хорижий тажриба инобатга олиниб, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш ваколати Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилаётганлиги, Бош вазир номзодини Қонунчилик палатасига тақдим қилишдан олдин Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашув ўтказиш тартиби жорий этилаётганлиги Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиш жараёни янада демократлаштирилаётганлиги қайд этилди.

Янгилаётан Конституцияда Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиш, шунингдек, монополияга ва коррупцияга қарши курашиш органлари раҳбарлари Сенат томонидан сайланиши амалиётини жорий этиш таклиф этилаётганлиги қайд этилди.

Махсус хизматлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод бўйича аввал Сенатда маслаҳатлашувлар ўтказилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши тартиби жорий этилаётганлиги билдирилди.

Мажлисда Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш ваколатининг Бош қомусда мустаҳкамланаётганлиги маҳаллий Кенгашларга ҳокимнинг раислик қилишига оид тартиб бекор қилинаётган янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитда улар фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этиши, Сенатнинг ҳудудлар манфаатларини ифодалайдиган орган сифатида маҳаллий Кенгашлар масъулиятли ва халқчил бўлиши учун масъулиятини ошириши таъкидланди.

Сенаторлар томонидан Сенатга қонунчиликка оид таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида қуйи палатага киритиш ҳуқуқи берилаётганлиги юқори палатанинг қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини, шу жумладан, халқни қийнаётган масалаларнинг қонуний ечимини ҳал этиш бўйича фаолияти натижадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Ялпи мажлисда Сенат таркибини ихчамлаштириш орқали унинг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида сенаторлар сони амалдаги 100 тадан 65 тага ўзгараётганлиги, бунда Сенатни шакллантиришнинг амалдаги тартиби, шу жумладан, жойлардан тенг вакилликни сақлаб қолиниши муҳокама қилинди. Ушбу норма Сенат фаолиятини мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар моҳиятига монанд модернизациялаш имконини бериши таъкидланди.

Ҳокимлар халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилмаслиги белгиланмоқда

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтини тугатиш тўғрисидаги норма ҳокимият ваколатларини бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, тегишли норматив-ҳуқуқий базани тайёрлаш, маҳаллий вакиллик ва ижроия давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг изчиллиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида, ушбу тартиб Тошкент шаҳар ва вилоятларда 2024 йилдаги навбатдаги вакиллик органларига сайлов натижалари бўйича, туман ва шаҳарнинг давлат ҳокимияти вакиллик ва ижро органларига нисбатан 2026 йил 1 январдан қўлланилиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатлари кучайтирилмоқда

Сенаторлар янги таҳрирдаги Конституцияга судлар фаолияти мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, судьялар дахлсизлиги ва муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича муҳим нормалар киритилаётганлиги одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш учун муҳим кафолат бўлишини таъкидлаб ўтдилар.

Айниқса, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджетидан амалга оширилиши ва у одил судловни тўлиқ, мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги тўғрисидаги конституциявий норма чинакам адолатли ва мустақил суд тизимини шакллантиришга хизмат қилади.

Фуқароларга суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши мутлақо янгича демократик тартиб бўлиб, фуқароларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш имконини беради.

Мажлисда Конституциянинг янги таҳрири ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириши ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиши ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб бериши эътироф этилди.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари ҳажми 65 фоизга ошди. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сони ва мазмуни Конституцияни янги таҳрирда қабул қилиш заруратидан далолат бериши таъкидланди.

Муҳокамалар натижасида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилиниб, унга кўра референдум 2023 йил 30 апрель кунига тайинланди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

 Сенати Ахборот хизмати