Сўнгги пайтларда Финляндия таълим тизими дунёдаги энг яхши тизим эканлиги ва бундай мақомга эришишда ёрдам берадиган жиҳатлар ҳақидаги фикрлар матбуотда кенг муҳокама қилинмоқда.

Бизнинг миллий таълим тизимимиз ҳам бундан мустасно эмас. Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти Умумий ўрта таълим мазмуни ва методикалари илмий-тадқиқот бўлими катта илмий ходими Алишер Маматалиев Финляндиядаги ўрта таълим мактабларида ўқитишни математика фани мисолида таҳлил қилди ва бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди.

– Финляндия мактабларида таълим тизими юқори даражада ривожланган ва катта ютуқларга эришган, – дейди Алишер Маматалиев. – Сир эмаски, бугунги кунда Финляндия мактабларида математика ўқитиш методикаси энг юқори даражада. Биргина мисол, Финляндияда фандан юқори ва паст ўзлаштирувчи ўқувчилар бир-бирига ёрдамчи ёки ўқувчи бир-бирига устоз методи, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, жуфт ёки тоқ методида ўқитиш оммалашган.

Жуфт методида юқори ва паст ўзлаштирувчи икки ўқувчига дарс ўтилади ва осон атамалар билан юқори ўзлаштирган ўқувчи паст ўзлаштирган ўқувчига тушунтиради. Тоқ усулда эса паст ўзлаштирувчи ўқувчи ва фан ўқитувчиси, ундан кейин мактабнинг тўгарак ўтувчи ўқитувчиси шуғулланади. Охирги босқичда эса паст ўзлаштирувчи ўқувчининг ота-онаси шуғулланиб, синфдаги бошқа тез ўзлаштирувчи ўқувчиларга етиб олишларига ёрдам беради.

Бу икки метод жуда самарали натижа беради. Ўқитувчилар томонидан бу метод аъло даражада ўзлаштирилган ва амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз, бу — улкан тажрибани таълим тизимимизга жорий этиб, математика фанини ўқитишда Финляндия методини жорий этиш, ёшларни бу фанга қизиқишини оширишдир.

Финляндия сўнгги 30 йил ичида таълим тизимида катта ислоҳотлар олиб борди ва ютуқларга эришди. Бу давлатнинг мактабларида яна бир метод, бу — деярли рақобат йўқлиги. Яъни ўқувчиларга баҳолашда баҳо тизими мавжуд эмас. Ўқувчиларнинг “икки” ёки “уч» баҳо олди каби тушунчалар йўқ ва улар бир-биридан ажратилмайди. Финляндияда мактаб битирувчи давргача кредит балл тизими бўлиб, ҳар бир ўқувчи, масалан, математика фанидан мактаб битиргунига қадар 300 кредит балл тўплаган бўлиши мажбурий.

Бундан ташқари, уларда форма ёки қандай кийим кийиш талаби ҳам йўқ. Ўқувчилар бир-бири билан таққосланмайди. Агар ўқувчи ўзлаштира олмаса, у билан фан ўқитувчиси кўпроқ ишлайди.

Сўнгги йилларда Финляндия Халқаро PISA рейтингида математика фанидан 5-ўринни эгаллаб келмоқда. Финляндия мактабларида дарс соатлар кам бўлишига қарамасдан ўзлаштириш юқори даражада. Болалар 7 ёшдан қабул қилинади.

Уларнинг фикрича, бу энг тўғри қарор. Финляндия мактабларида таълим қуйи ва юқори босқичларда олиб борилади. Қуйи босқич (бошланғич таълим 7-12 ёшлар) 1-синфдан бошлаб 6-синфгача бўлган синфларни ҳамда юқори босқич — юқори синф ўқувчилари 7-9-синф (13-16 ёшлар) ўқувчиларини ўз ичига олади. Бошланғич синфларида умумий математика фанининг учдан икки қисми ўқитилади. Асосий дарсни бошланғич синф ўқитувчиси амалга оширади. Дарс бериш жараёнида Финляндия бошланғич синф ўқитувчилари ўзларининг тажрибаларидан ва шахсий методларидан келиб чиқиб асосий дарсни беради. Финляндия ўқитувчиларининг асосий мақсади ўқувчини қизиқтириш ва натижага эришиш ҳисобланади.

Финляндияда ўқув материаллари математик таълимга қизиқадиган ва ҳозирда мактабларда ишлайдиган оддий ўқитувчилар томонидан тайёрланади. Шунинг учун улар мактаблардаги шароитларни жуда яхши билади. Ҳозирда икки хил турдаги параллель дарсликлардан фойдаланилади. Бу дарсликлар бир-биридан бироз фарқ қилса ҳам, барча ўқув қўлланмалари ўхшаш. Дарсликларда муаммолар ва статистик маълумотларни ечиш учун турли материаллар, гуруҳ ишлари ва лойиҳалар учун ғоялар мавжуд. Улар шунингдек, асосий машқлар тўпламини, барча талабалар учун қийинроқ топшириқларни тақдим этади.

Бундан ташқари, математикага қизиққан ўқувчилар учун қийин топшириқлар тўплами мавжуд. Ўқитувчилар ўз ўқувчилари учун дарсликлар ва бошқа материалларни танлаш билан бир қаторда ўқитиш методикаси учун масъулдир.

Шуниси эътиборга лойиқки, ўқув материалларининг сифати бевосита ўқитиш сифатига тенг келмайди, чунки ўқитувчи барча турдаги материаллардан тегишли ёки бошқа усулда фойдаланиши мумкин. Агар хоҳласа, улар дарсликсиз ўқитишни танлаши мумкин, аммо бу усул камдан-кам қўлланилади.

Хулоса қилиб айтганда, Финляндия ўқитувчилари мактаб математикаси таълимини сақлаш ва яхшилашда муҳим роль ўйнайди. Ўқитувчи бутун тайёргарликни синфдан ташқарида амалга оширади, қизиқарли ўйинлар излаб топади ва янгича методларни кашф қилади. Бу фин ўқитувчилари муваффақиятида муҳим роль ўйнамоқда.

Барно Мелиқулова ёзиб олди, ЎзА