Тошкент марказида жойлашган Бадиий академия Фотосуратлар уйида “Италия дизайн куни-2023” кўргазмаси иш бошлади.

Юзлаб италиялик дизайнер, архитектор, тадбиркор, тадқиқотчи ва журналистлар мазкур лойиҳа – “Ёритадиган сифат. Одамлар ва атроф-муҳит учун дизайн энергияси” нашри учун танланган мавзу бўйича бутун дунё нуқтаи назарини ўрганиб, асарлар яратган, дейиш мумкин.

Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги томонидан ташкил этилган бўлиб, мамлакатни ривожлантириш бўйича интеграциялашган стратегияни белгилашга хизмат қилувчи тадбирда, шунингдек, Италия билан қўшма лойиҳаларни фаол амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Анжуман доирасида ушбу давлатнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва савдо агентлиги ҳамкорлигида санъат соҳасида фаолият юритаётган экспертлар иштирокида семинар ҳам ташкил қилинди. Элчи Агостино Пинна, жаҳонга машҳур архитектор Карло Ратти, Нью-Йоркдаги Замонавий санъат мажмуаси ва Пекинда бўлиб ўтган қишки Олимпия ўйинлари дизайни яратувчиларидан бири Мишель Бонино маърузалари тингланди.

Еттинчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман юздан зиёд мамлакатда старт олган. Ҳар бир учрашув олдидан тадбир мавзусига бағишланган, “Studio Azzurro” томонидан тайёрланган видеофильм намойиш этилади.

Қайд этиш керак, Италиянинг нуфузли компаниялари томонидан тақдим этилган таъсирчан тасвирлар танлови орқали итальянча дизайни ҳақида ҳикоя қилувчи модулли фотокўргазма ҳам мавжуд.

Лойиҳа ижодкорларида Римда ўтадиган “EXPO-2030” кўргазмасида номзодини илгари суриш имкони ҳам мавжудлиги маълум қилинди. Координатор Карло Ратти “Италия дизайн куни” “Одамлар ва ҳудудлар: қайта туғилиш, инклюзия ва инновация” шиори остида барқарор ривожланиш концепциясини ишлаб чиқишга, глобал муаммоларни ҳал қилиш стратегияси сифатида биргаликда фойдаланишга қаратилгани хусусида сўз юритди.

Анжуман якунида мамлакатимизнинг халқаро кўргазмалардаги иштироки, тўпланган тажрибамиз тўғрисида маълумот берилди. Келгусида Ўзбекистоннинг йирик ижодий лойиҳалардаги фаоллигини янада ошириш истиқболи, маданий-маърифий соҳаларга ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА