Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев бошчилигидаги делегация Россиянинг Калининград вилоятидаги И.Кант номидаги Болтиқ федерал университетига ташриф буюрди.

Болтиқ федерал университети ректори Александр Федоров билан бўлиб ўтган музокараларда томонлар биоинженерия соҳасидаги илмий ва академик ҳамкорликни муҳокама қилди ва ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Шу жумладан, 2023-2024 ўқув йилидан «3+2» форматида «Биоинженерия ва биоинформатика» қўшма ихтисослик дастурини йўлга қўйиш режалаштирилди. Бунда талабалар 3 йил Самарқандда, 2 йил Калининградда таълим олишади.

Самарқанд давлат тиббиёт университети БФУ билан мустаҳкам ҳамкорликка эга. Хусусан, 2022 йилдан буён СамДТУда катта илмий салоҳиятга эга Болтиқ федерал университетининг ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ваколатхона тиббий мақсадларда ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш платформасига айланди.

Самарқанд давлат тиббиёт университети делегациясининг Болтиқ федерал университетига ташрифи давом этмоқда.

ЎзА