Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2023 йил 1 майдан бошлаб: 

барча турдаги давлат божи ва маъмурий жарималар бўйича тўловлар;

Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматларига тўловлар;

мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, қайта тайёрлов, малака ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар;

коммунал хизматлар учун тўловлар;

Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш бўйича ундириладиган тўловлар;

«E-auksion» электрон савдо платформаси ва «K-Savdo» автоматлаштирилган ахборот тизимига тўловлар;

авиа, темир йўл ва бошқа жамоат транспортларига чипталарни харид қилишдаги тўловлар учун воситачилик ҳақи (йиғимлар) тўлов шаклидан қатъи назар тўловчи -жисмоний шахсдан эмас, балки тўлов суммасидан чегириб қолиш йўли билан ундирилади.

2023 йил 1 майга қадар Тошкент шаҳрида ҳуқуқий эксперимент тариқасида виртуал касса билан қамраб олинган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида Марказий банк томонидан белгиланадиган чекланган лимит ва кунлик нақд пул тушумлари доирасида нақд пул ечиш хизмати кўрсатиш амалиёти жорий этилади.

Марказий банк «HUMO» ва «UZCARD» тўлов тизими интеграциясини босқичма-босқич, яъни 2023 йил май ойига қадар банкоматлар, 2023 йил якунига қадар тўлов терминаллари бўйича охирига етказади.

2023 йил 1 сентябрга қадар ҳисоб-китоблар 24/7 режимида онлайн тартибда ишлай бошлайди.

                                                                                             ЎзА