Тошкентда қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида поёнига етган қитъа чемпионатида мамлакатимиз спортчилари умумий ҳисобда 9 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалига сазовор бўлди. Шундан ўсмирлар терма жамоамиз 3 та олтин ва 1 та бронза медали билан умумжамоада Жанубий Кореядан кейин иккинчи, ёшларимиз эса 6 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медали билан 38 та давлат орасида биринчи ўринни эгаллади.
Чемпионатнинг сўнгги кунида ёш қизлар сабля ва шпага, йигитлар рапира йўналишида жамоавий мусобақаларда куч синашди. Эътиборлиси, барча йўналишларда ҳамюртларимиз финалга қадар баҳсларни мағлубиятсиз якунлади.
Муросасиз жангларда қизларимиз ҳар икки йўналишда олтин медалларни қўлга киритган бўлса, гонконглик рақибларига имкониятни бой берган йигитларимиз кумуш медалларга эга чиқди.
Қизлар ўртасидаги сабля мусобақаларида ҳамюртларимиздан кейинги ўринлар Жанубий Корея ва Япония жамоасига, шпагада кейинги поғоналар Хитой ва Япония вакилларига насиб этди.
Йигитлар ўртасидаги рапира жангларида Гонконг қиличбозлари шоҳсупанинг энг юқорисидан, ҳамюртларимиз ҳамда Хитой спортчилари кейинги ўринлардан жой олди.
Юртимизда бир ҳафта давом этган мазкур мусобақа мамлакатимизда қиличбозлик спортида ўнлаб иқтидорли ёшлар бўй кўрсатиб келаётганидан далолат.
Т.Рўзиев,
ЎзА