Хориж матбуоти саҳифаларида Ўзбекистон

БАА етакчи ахборот агентлиги – WAM саҳифасида Ўзбекистондаги энг йирик нефть-газ компанияларидан бири – Саноат энергетика гуруҳи (SEG) ҳамда халқаро савдо, логистика ва саноат соҳасида етакчи Абу Даби портлари гуруҳи – “AD Ports Group” Ўзбекистонда “АДЛ-Уланиш” номи остида логистика хизмати кўрсатишни мақсад қилган янги қўшма корхона ташкил этгани эълон қилинди.

Мақолада ёзилишича, “AD Ports Group” Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имконияти йўқлигини ҳисобга олиб, компаниялар дуч келадиган логистика муаммосини ҳал қилиш мақсадида янги компанияга глобал таъминот занжири логистикаси ва илғор технология бўйича бой тажрибасини улашади.

Қўшма корхона томонлар саноат лойиҳаси логистикаси, нефть ва газ, электрон тижорат, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика каби қатор соҳаларда фаолият юритувчи мамлакатимиз бозоридаги бошқа иштирокчиларнинг тижорат эҳтиёжини қондиради.

“АДЛ-Уланиш” юк ташиш, ҳаво ва қуруқлик логистикаси, омборхона, божхона расмийлаштируви, шунингдек, ички контейнер омборлари ва қуруқликдаги портларни ривожлантиришни ўз ичига олган турли илғор хизматларни таклиф қилади. Бундан ташқари хизматларнинг интеграцияси ва самарадорлигини оширувчи қатор рақамли ечимлар тавсия этади. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва етказиб бериш занжири соҳасидаги тажрибасини Ўзбекистонда озиқ-овқат маркази ташкил этишни қўллаб-қувватлашда ҳам қўллайди.

Осиё ва Европа бозорлари ўртасидаги савдо йўллари чорраҳасида жойлашган стратегик жойлашуви туфайли Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон қуруқликдаги логистика маркази ҳисобланади. Бинобарин, Жаҳон банки минтақанинг ялпи ички маҳсулоти 2023 йил 3.9, 2024 йил 4.3 фоиз ўсишини башорат қилмоқда.

– “АДЛ-Уланиш” ишга туширилиши бизга логистика портфелимизни кенгайтириш ва асосий бозорда хизматларимизни яхшилаш имконини берувчи платформани тақдим этади, – деди Абу Даби портлари гуруҳи директорлар кенгаши раиси Фарук Аз-Зир. – Зеро, сўнгги бир неча йил ичида амалга оширилган йирик ислоҳотлар туфайли сезиларли иқтисодий ўсишга эришган Ўзбекистонда юк ташиш ва омбор хизматига талаб кескин ортиб бормоқда.

– Саноат энергетика гуруҳи бош директори Тимофей Смирнов шундай деди: -Биз улкан логистика имконияти ва йирик стратегик саноат тармоғини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшаётган Абу-Даби портлари гуруҳи билан ҳамкорлик йўлга қўйганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистон экспортга йўналтирилган турли муҳим ва зарур товарлар, жумладан, нефть, газ, олтин, мис, пахта, озиқ-овқат ва жаҳон иқтисодиёти учун жуда керак бўлган бошқа стратегик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган мамлакат сифатида соҳа ривожига улкан ҳисса қўша олади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июнда мазкур корхоналар Ўзбекистонда энг йирик логистика кластерини яратиш тўғрисидаги битимни имзолаган эди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА