Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Бахтиёр Саидов Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэг билан учрашди.

Томонлар икки давлат Президентларининг 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувлар ижроси юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувнинг навбатдаги даврасини ўтказиш, савдо айланмасини диверсификация қилиш ва қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

– Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлди, шунга қарамасдан, Монголия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга илк бор келди, – деди учрашувдан сўнг маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда Батцэцэг хоним. – Бу имконият айнан менга насиб этганидан беҳад мамнунман. Бугунги мулоқотимизга келсак, тўғриси, ҳамкасбим Бахтиёр Саидов билан ҳозирги кундаги мавжуд имкониятлардан келиб чиқадиган долзарб мавзуларни муҳокама қилиш учун бизда вақт етмай қолди. Демак, давлатларимиз ҳамкорлигини ривожлантириш салоҳияти ўта кенг қамровли ва чексиз (Батцэцэг хонимнинг тўлиқ интервьюси ЎзА сайти орқали алоҳида берилади).

Музокара якуни бўйича Ўзбекистон-Мўғулистон ҳукуматлараро комиссиясини тузиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича Ишчи гуруҳи ҳамда Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ва бошқа қатор икки томонлама манфаатли масалаларни ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Ғайрат Хонназаров,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА