Мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фуқароларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, шунингдек товарлар ва хизматларни сотиб олишда кредитлар жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш борасида ўтган даврда тизимли ишлар амалга оширилди.
Яқиндагина бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида 2022 йилдаги фаолият ва 2023 йилга мўлжалланган устувор вазифалар билан бир қаторда бир нечта Қонун лойиҳалари муҳокама этилиб, қабул қилинди. Шулардан бири молиявий истеъмол кредити бериш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонундир.
“Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2006 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган даврда хизмат кўрсатувчи банклар ва микроқарз берувчи молиявий институтларнинг сони ва хизмат кўрсатиш кўлами кенгайди.
Марказий банкнинг маълумотларига кўра, кейинги уч йилда аҳолига миллий валютада ажратилган кредитларда мақсади белгиланмаган кредитлар тоифасига кирувчи микроқарз 2020 йилда 5,8 триллион сўмни, 2021 йилда қарийиб 1,7 баробарга ўсиб, 9,9 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 21,6 триллион сўмга етган.
Ушбу рақамлар аҳоли томонидан истеъмол товарлари ва хизматларига бўлган талабнинг йилдан йилга тобора ортиб бораётганлиги ҳамда микроқарзлар ҳажмининг кўпайишидан далолат беради.
Истеъмол кредитлари учун талабнинг ортиб бориши баробарида, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, яъни импорт товарлар ва хизматларга истеъмол кредитлар ажратилишида чекловларнинг мавжудлиги амалдаги Қонунга ўзгартириш киритишни тақазо этмоқда.
Шу боис, молиявий истеъмол кредити бериш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилиниши зарурати туғилди.
Мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун молиявий истеъмол кредитларни тақдим этиш жумласи амалдаги қонундан чиқариб ташланмоқда. Бу билан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, яъни импорт торварлар ва хизматлар реализациясига ҳам рухсат бериш кўзда тутилмоқда.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши биринчидан, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга соғлом рақобат муҳитини яратилиши натижасида истеъмолчилар учун сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳамда сифатли сервис ва хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.
Иккинчидан, глобал бозорларда ўсаётган рақобат шароитларида, мамлакат ишлаб чиқарувчиларини эркин бозор тамойиллари асосида фаолият юритиш учун муносиб замин яратишига, қўшимча қиймат яратилишида янги ғоялар ва технологияларни тадбиқ этишига, пировардида жаҳон бозорларига чиқиб рақобат юритишига хизмат қилади.
Учинчидан, аҳоли истеъмоли учун арзон ва сифатли товар ишлаб чиқарилиши ва сервис ва хизматлар кўрсатилиши ўз навбатида аҳолининг молиявий ресурсларини тежалишига олиб келади ва бунинг натижасида иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида талабни вужудга келтиради, натижада иқтисодиёт учун қўшимча инвестиция муҳити яратилишига олиб келади.
Шунингдек, қонун билан истеъмолчи молиявий истеъмол кредити олиш тўғрисида истеъмол товарларини (хизматларини) ишлаб чиқарувчи корхонани ёки реализация қилувчи ташкилотни олдиндан ёзма шаклда хабардор қилиш тартиби бекор қилинмоқда.
Албатта, мазкур Қонун аҳоли истеъмол кредитларини расмийлаштиришда енгилликлар яратилишига, мамлакатда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш кўламининг кенгайишига хизмат қилади.
Қобулжон Турсунов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси
ЎзА