Бугун, 7 март куни Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар махсус вакилларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари Афғонистондаги мавжуд ҳолат, мамлакатдаги вазиятни тартибга солиш ва узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув аввалида афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш, мамлакатдаги инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, тез фурсатларда мамлакатда кенг вакиллик асосида инклюзив ҳукумат тузиш, инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар ва миллий озчилик ҳуқуқини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

– Афғонистонга инсонпарварлик юкларини етказиб бериш учун у билан чегарадош Термиз шаҳрида кўп тармоқли транспорт-логистика хабини барпо этдик. Бугун у БМТнинг турли тузилмалари томонидан фаол ишлатилмоқда, – деди Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш жамғармасини тузиш ташаббусини илгари сурган эди. Жамғарма фаолияти учун мазкур хабнинг замонавий инфраструктурасидан фойдаланилади.

Йиғилиш чоғида Термиздаги Таълим марказида афғон ёшларини ўқитиш ишига катта аҳамият берилаётгани, бу эса, ўз навбатида Афғонистон халқ хўжалиги учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш имконини яратиши айтилди.

Шунингдек, муваққат ҳукумат  томонидан Афғонистонда халқаро террористик ташкилотлар фаолиятига ҳамда ушбу мамлакат ҳудудидан қўшни давлатларга ҳар қандай таҳдидларга йўл қўймаслик бўйича ўз мажбуриятларини бажариш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Махсус вакиллар Афғонистонга ҳар томонлама кўмаклашиш, хусусан, пандемия даврида инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ва озиқ-овқат инқирозига йўл қўймаслик борасидаги чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашишди.

Шундан сўнг йиғилиш ёпиқ форматда давом этди. Унинг якунида Исматулла Иргашев миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг берди. Кейинги хабарларда брифингда қайд этилган маълумотларни батафсил тақдим этамиз. ЎзАни кузатиб боринг.

Беҳруз Худойбердиев, Муҳаммад Амин (фото), ЎзА