ФОТОРЕПОРТАЖ

Касбга меҳр қўйган киши, албатта, меҳнатининг роҳатини кўради. Тажрибали муаллима Салима Кадиримбетова ўз фаолиятида бунинг исботини кўрмоқда.

Муаллима 1992 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг филология факультетини тамомлаб, педагогик фаолиятини Нукус тумани халқ таълими бўлимига қарашли 12-умумтаълим мактабида бошлади. Бугунги кунда эса 22-умумтаълим мактабида ўқувчиларга қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан дарс бериб келмоқда.

С. Кадиримбетованинг дарс ўтиш услуби туман ва ҳатто республика миқёсида оммалаштирилган. Шогирдлари туман, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон Республикаси миқёсидаги фан олимпиадалари ва “Билимлар беллашуви“ларида совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Чуқур назарий билимга, юксак методик маҳоратга эга устоз Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ таълими аълочиси унвонлари ҳамда 2019 йил ўтказилган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг мамлакат босқичи ғолиблигига сазовор бўлган. 2022 йил 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз фармони билан Салима Кадиримбетова таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлар қаторида “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

– Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кун ўқитувчиси универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши керак, – дейди С. Кадиримбетова. – Дарҳақиқат, қалбида ўз касбига, Ватанига меҳр ва садоқат кучли бўлган ўқитувчигина ҳақиқий ватанпарвар шахсни тарбиялай олади. Мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш сифати ва педагог ходимларнинг билим ҳамда малакасини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

30 йилдан зиёд вақтдан буён ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётган устоз оилада меҳрибон уй бекаси ҳамдир. Турмуш ўртоғи билан уч нафар фарзандни вояга етказган.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА