Талабага академик таътил бериш тартиби бўйича саволларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов жавоб берди.
Қайд этилишича, академик таътил олиш учун талаба томонидан олий таълим муассасаси ректори (директори) номига ариза билан мурожаат қилинади. Аризага академик таътил олиш учун сабаб бўлган ҳолатни асословчи ҳужжат (талабани ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги чақирув қоғози ёки талаба доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси ёхуд оиласининг бетоб аъзоси доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси) илова қилинади. Талабанинг академик таътил олиш ҳақидаги мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади.
Шунингдек, талабага академик таътил бериш олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ушбу буйруқда академик таътилнинг бошланиш ва тугаш санаси кўрсатилиши шарт.
– Талаба қай ҳолларда ва қанча муддатга академик таътил олмаган ҳолда ўқишдан рухсат олиши мумкин?
– Талабаларни қисқа муддатга дарсдан озод қилиш муддатлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Талабанинг даволаниши ёки бошқа узрли сабабларга кўра қайта ўзлаштириш шарти билан қисқа муддатга дарсдан озод қилиш бўйича аризаси олий таълим муассасаси томонидан ички тартибда кўриб чиқилади.
–Талаба оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун академик таътил олмасдан туриб ўқишини онлайн тарзда давом эттириши мумкинми?
– Академик таътил бериладиган талабалар аризасига (ихтиёрига) кўра олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғига мувофиқ, унинг ўқиши академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ёки масофавий таълим шаклига ўтказилиши мумкин. Бунда олий таълим муассасасида муайян бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) бўйича сиртқи ёки масофавий таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда талабанинг ўқиши аризасига кўра белгиланган муддатга ушбу таълим шаклига ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА