Саломатликни мустаҳкамлашда соғлом турмуш тарзининг, айниқса аҳоли орасида оммавий югуриш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада эса ўтган йиллар давомида юртимизда югуриш мусобақаларининг тизимли ташкил этилиши яхши анъанага айланди.

Жорий йил 12 март куни Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган V халқаро Тошкент марафони ва Ўзбекистоннинг 14 та шаҳрида бир вақтда ўтадиган “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақалари ҳам айни ҳаракатнинг мантиқий давоми бўлади.

Шу мавзуда ўтган матбуот анжуманида “International Tashkent Marathon” ва “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақаларига тайёргарликнинг бориши, унда иштирок этиш тартиблари, талабномалар тақдим этган спортчилар сони каби масалалар хусусида сўз борди.

Таъкидланганидек, V халқаро Тошкент марафонида 5 минг 500 нафар иштирокчи қатнашиб, улар тўртта масофанинг бирида — 42 километр 195 метр,  21 километр 97,5 метр, 10 ва 3 километрда ўз кучларини синаб кўриши мумкин. Марафон World Athletics мусобақалар календарига киритилган ва WA қатъий регламентига мувофиқ ҳолда ўтказилади. Марафоннинг югуриш трассаси Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси (AIMS) томонидан сертификатланган.

Айтиш лозим, “International Tashkent Marathon” минтақадаги энг аҳамиятли халқаро спорт мусобақаларидан бири саналади. Унда профессионал спортчилар белгиланган нормативларни бажарган ҳолда 2024 йили Парижда ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Ҳозиргача 22 та давлатдан спортчилар иштирок этиш учун аризаларини тақдим этган.

Анжуманда мамлакатнинг 14 та шаҳрида бир вақтда ўтадиган “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақасига тайёргарликнинг бориши, Андижон, Наманган, Фарғона, Чирчиқ, Навоий, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Термиз, Урганч, Нукус, Тошкент, Қоровулбозор ва Ғузорнинг марказий кўчалари бўйлаб 3 километр масофага оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтиши, мазкур оммавий югуриш мусобақасида иштирок этиш учун 75 минг нафардан ортиқ аризалар топширилгани, унинг 25 минг нафардан ортиғини талабалар ташкил этаётгани айтиб ўтилди.

11 март куни V халқаро Тошкент марафони арафасида пойтахтимиздаги “Пахтакор” стадионида “Kids Run” болалар оммавий югуриш мусобақаси ва скандинавча юриш баҳслари ўтказилиши режалаштирилган.

Мутасаддилар юртимизда “YUGUR” мобил иловаси жорий этилгани, унинг афзалликлари, миллий маълумотлар базаси, рўйхатдан ўтган иштирокчи шахсий кабинетда ўзининг югуриш ва юриш бўйича жисмоний фаоллиги ҳақида маълумотларни сақлаши мумкинлиги тушунтирилди. Иловада спорт натижалари асосида рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг умумий рейтинги жорий этилади.

— 2019 йилдан Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб оммавий югуриш мусобақалари ташкил этилмоқда. Дастлаб минг нафар иштирокчи қамраб олинган. 2022 йилга келиб улар сафи юз минг нафардан ошиб кетди. Жорий йилдан жорий этиладиган “YUGUR” иловаси ҳудудларда югурувчилар жамиятини шакллантириш учун яхши платформа бўлиб хизмат қилади, — дея таъкидлади Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Андрей Абдувалиев.

Матбуот анжумани якунида Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Камолиддин Усмонов ва бошқа ташкилий қўмита аъзолари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.

Т.Рўзиев, М.Амин(сурат), ЎзА