Сенат ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳолатига оид ахборот эшитилди.

Қайд этилишича, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатлари туфайли 2022 йилда Ўзбекистон халқаро рейтинг ва индексларда салмоқли ютуқларга эришган. Жумладан, қонун устуворлиги, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш йўналишларида мамлакатимизнинг ўрни яхшиланди.

Янги қабул қилинган Меҳнат кодексида меҳнат муносабатларини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқ ҳуқуқий тартибга солиш асослари такомиллаштирилди.

БМТ тузилмаларининг тавсияларини инобатга олган ҳолда «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди. Унда мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар изчиллиги, такомиллаштириш йўналишлари белгиланди.

2022 йилда пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва савдоси билан шуғулланувчи компанияларни бирлаштирувчи “Cotton Campaign” коалицияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганини эътироф этди ҳамда ўзбек пахтасига қўйилган тақиқни бекор қилди.

Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқлаштириш чора-тадбирлари доирасида Халқаро меҳнат ташкилотининг «Қурилишда хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси тўғрисида»ги 167-сонли конвенцияси ратификация қилинди.

Сенаторлар ўз ўрганишлари асосида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни самарали қўллаш билан боғлиқ қатор муаммоларни белгилаб берди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган саккиз қонун лойиҳаси ўз муддатида ишлаб чиқилмаётгани сенаторларни ташвишга солгани айтиб ўтилди.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ижросини мониторинг қилиш натижасида сенаторлар томонидан ижтимоий инфратузилма объектлари ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун етарли даражада мослаштирилмаганлиги аниқланди.

Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб, унда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш белгиланди.

Шу билан Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлиси якунига етди.

 

Н.Абдураимова,    

ЎзА