Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “Тоза ичимлик суви” жамғармаси ҳисобидан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш лойиҳаларини 2018 йилда амалга оширилиши тўғрисида маълумот берди.
Республика бўйича ичимлик суви таъминоти ва канализация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун Молия вазирлиги ҳузуридаги “Тоза ичимлик суви” жамғармаси учун 584,7 млрд. сўм лимит маблағлари ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар 2017 йилга нисбатан 2 мартага кўпни ташкил этади.
Молия вазирлиги ҳузуридаги “Тоза ичимлик суви” жамғармасида кўзда тутилган лимит маблағлари қуйидаги йўналишларга йўналтирилади:
– 2017 – 2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш Дастури доирасида сув таъминоти ва канализация объектларини молиялаштириш учун – 504,96 млрд. сўм. (буюртмачи – Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирилиги);
— қишлоқ жойларида намунавий уй-жойлар қуриш, бошқарув ва ижро органлари раҳбарларига хизмат уйларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг хизматчиларига хизмат уйларини қуриш Дастури доирасида ичимлик суви таъминоти объектларини қуришни молиялаштириш учун – 79,76 млрд. сўм.
Кўзда тутилган маблағлар эвазига 2018 йилда республика бўйича 377 та объектларни, 1 491,6 км. сув қувурларини ҳамда 261 та сув иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Натижада, 2018 йилда қўшимча равишда 579,5 мингаҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади.
Бугунги кунда “Тоза ичимлик суви” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2018 йилга ўтувчи объектлар учун молиялаштириш очилган.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли сонининг муттасил ортиб бориши, янги турар жой массивлари барпо этилиши, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг тобора кенгайиши муносабати билан сув олиш иншоотларини, сув қувурлари, насос станциялари, тақсимлаш узеллари ва водопровод тармоқларини модернизациялаш ва илдам ривожлантиришга йўналтирилган сув таъминоти тизимини тубдан яхшилаш бўйича кафолатланган молиялаштириш манбаларини яратиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза ичимлик суви” жамғармаси ташкил этилган эди.