Форум соҳага оид муҳим масалаларни ҳал этиш мақсадида мамлакатимиздаги хорижий дипломатик корпус вакиллари, халқаро экспертлар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, туроператорлар, маркетологлар, меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи провайдерлар, глобал брендлар вакилларини ягона маърифий майдонга тўплади.
Тадбирни маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков очиб берди.
Вазир меҳмонхона бизнеси форуми барча туризм саноати иштирокчиларини бирлаштириш мақсадида мамлакатимизда хизмат кўрсатишни ривожлантириш ва такомиллаштириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг халқаро стандартлари ва нормаларини жорий этиш мақсадида ўтказиб келинишини таъкидлади. Шу сабабдан меҳмонхона индустриясини ривожлантиришнинг асосий «локомотиви» сифатида ахборот технология соҳаси, экология, хизматларни рақамлаштириш, таълим ва кадрлар масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мазкур форумнинг асосий мақсадидир.
Форум «Меҳмондўстлик тенденциялари: хизмат кўрсатиш соҳасида ҳамкорликдан IT ечимларигача. Ўзбекистондаги меҳмонхоналар. Лойиҳалар ва бинолар» мавзусига бағишланган.
Ўзбекистон Отелерлар ассоциацияси томонидан Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда «Radisson», «Hilton», «Аccоr», «Marriott», «Wyndham» каби дунёга машҳур халқаро меҳмонхоналар тармоқларининг минтақавий етакчилари ҳам қатнашмоқда.
Тадбирда меҳмонхона хизматларининг етакчи провайдерлари бўлган «HoReCa» сегменти учун тўлиқ маҳсулот ва хизматларни тақдим этувчи Интерактив B2B кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма мебель, интерьер буюмлари, профессионал тўқимачилик, кийим-кечак, хавфсизлик тизимларини автоматлаштириш ва бошқа соҳаларни қамраб олди.
«Hotel Business Forum – 2023» форумининг иккинчи кунидан муҳим мавзуларни қамраб оладиган сессиялар, муҳокамалар ва II Миллий меҳмондўстлик мукофотини топшириш маросими ўрин олган.
ЎзА