“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани бўлинмаси томонидан “Обод маҳаллам” номли грант лойиҳаси доирасида ўтказилган “Кўчат экиш – эзгу анъана” мавзусидаги иншолар танлови ғолиблари тақдирланди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур лойиҳанинг мақсади – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар билан ҳамкорликда жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш, аҳолининг экологияга оид билимларини кенгайтириш мақсадида учрашувлар, давра суҳбатлари, танловлар ташкил қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшишдан иборат.
Аҳоли, айниқса, ёшларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, табиий ресурсларни тежашга даъват қилиш, уларнинг экологияга оид билимларини ошириш мақсадида “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда ўтказилган иншолар танловида 14 та умумтаълим мактабидан табиатсевар, ижодкор ўқувчилар иштирок этди.
Танлов ғолиб ва совриндорларига “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё тумани бўлинмаси томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири