Бугун баҳорнинг илк куни. Қишнинг қаҳратон кунлари ортда қолди. Бу йил халқимиз ҳар йилгидан кўра баҳорни, кўкламни орзиқиб кутди. Ижтимоий тармоқларни кузатаркансиз, бу фаслни барча яхши кўришига, интиқиб кутганига яна бир бор гувоҳ бўласиз.Табриклар, баҳор ҳақидаги шеърлар дилларга илиқлик улашади.
Баҳорни жуда соғиндим.. Эрта тонгдан қизим Муслимахон баҳор ҳақида ёзган шеърининг бу сатрларини юрагидан жўшиб ўқиди. Барчамизни тўлқинлантирди. Чунки у ғурур билан айтди, баҳор соғинчини қўшиб, фахрланиб айтди. Унинг нигоҳларида кўкламга интиқликни, гўзалликка ошуфталикни сезиш мумкин эди ўшанда. Қалбидаги ўз гўшасига бўлган меҳрни, муҳаббатни қўшиб айтди шу бир оғиз сўзига.
Ҳа, қизимнинг айтганича бор. Баҳорнинг барибир таровати, шукуҳи бошқача, Фарғона адирлари яшилликка бурканиш арафасида. Эрта тонгдан қуёш мўралаб, офтоб тафти заминни қиздирмоқда. Бу ҳарорат ерга, ўт-ўланнинг бағрига сингади. Ана шундай кезларда эл далага ошиқади.
Баҳорни ким ҳам соғинмайди дейсиз? У гўзаллик, орзу-умидлар фасли. Атрофга бир боқинг. Борлиқ уйғонади. Яшариш, янгиланиш фасли бошланади. Ҳадемай бўртиб қолган куртаклар қабо очади. Тилла тангалардек сочилган момақаймоқлар, ариқ лабида бўйга етган мастона ялпизлар ифори, шаддод шаббоданинг майин бармоқлари дилни энтиктиради. Баҳор биз интиқ ва интизор кутган, кўнгилларга шодумонлик, қалбларга сурур, юракларга ҳузур бағишловчи ардоқли байрамимиз Наврўздан илк мужда олиб келади. Чунки у байрамлари билан янада ардоқли.
Фарғонанинг бугун барча жойларида ҳам кўклам қўшиғи янграмоқда. Адиру чўлларда баҳордан дарак берувчи бойчечаклар бўй кўтарган. Айниқса, қишлоқларнинг таровати ўзгача.
Файзиёб қишлоқ кўчаларидан ўтиб бораркансиз, ажиб ҳид димоғингизга урилади. Сумалак. Дошқозонда Наврўз таоми пиширилмоқда. Ёшу қари шу ерда. Сумалакни ковлаб, қўшиқ айтишмоқда:
Лола гул алвон-алвон,
Сумалак етмай қолган
Бир умр қилар армон.
Ҳар гал сумалак пиширганда, халқимиз, энг аввало, эл-юртга омонлик тилайди, яратгандан экин-тикинга барака сўрайди. А йниқса, ёши улуғларимиз “кўкламга етдик, шукр” дея дуо қилади.
-Шу кунларга етказганига шукрлар бўлсин, – дея дуога қўл очади онам. Баҳорни жуда соғиндик.
Ҳа, шундай дориломон кунларга етганимиз учун шукроналик ҳиссига тўлади кўнгилларимиз. Юртимиз тинч. Дастурхонимиз тўкин. Фарзандларимиз соғ-саломат. Орзулари мўл, тилаклари бисёр халқимиз эртанги кун умиди билан, тўй-томошалар истаги билан яшаётган ватандошларимиз Наврўзга пешвоз чиқади. Барчамизга баҳор муборак бўлсин!
Маъсуджон Сулаймонов,
ЎзА