Пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбони”да атоқли ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда фаол хотин-қизлар, ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Зулфия ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, маърифатли оналар орқали ёшларни тарбиялаш масаласи устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Зулфия номидаги давлат мукофотининг таъсис этилгани қизларни ижодга, изланишга, фаолликка даъват этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид Зулфиянинг ҳаёти садоқат, меҳр, фидойиликка йўғрилганини таъкидлади. Шоирамизнинг ҳаёти, ижоди, умр йўли ёшлар учун катта ибрат мактаби вазифасини ўтамоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этишда Зулфия Исроилова каби ижодкорларнинг фидойилиги, заҳмати ёшлар учун катта аҳамият касб этмоқда.
Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шодмонов мазкур олий ўқув даргоҳида ҳам Зулфия ижодини ўрганиш масаласи эътиборда эканини қайд этди.
– Зулфияхоним билан йигирма йил давомида бирга ишлашга, кейинчалик эса умрларининг охиригача улар билан мулоқотда бўлиш бахтига эришдим, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари, таниқли ижодкор Муҳтарама Улуғова. – Зулфияхоним айтган сўзи билан амали бир бўлган ижодкор эдилар.
–Юртимизда Зулфияхоним ва Ҳамид Олимжон ижодини тарғиб этиш борасида катта қадамлар қўйилди, – деди Оила ва хотин-қизлар авлат қўмитаси раиси Озода Парпибоева. – Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси Зулфия ижодининг ҳамиша долзарблигидан дарак беради.
Тадбирда яқинда таъсис этилган Зулфия номидаги стипендия ўз соҳибаларига топширилди.
–Мен мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ Зулфия ижоди билан таниш эдим, – деди Тошкент тиббиёт академияси талабаси, Зулфия номидаги стипендия соҳибаси Ожасви Шарма (Ҳиндистон). – Бу шеърият ҳиндистонлик жамоат арбоби Жавоҳарлаъл Неру томонидан ҳам юксак эътироф этилган. Ўзбекистонла адабиётга қаратилаётган эътиборни юксак баҳолайман.
Тадбирда Зулфия шеърларидан намуналар ўқилди. Унинг ижодига оид танлов ғолиблари тақдирланди.
Назокат Усмонова,
Алимурод Мадаминов (суратлар),
ЎзА