Президент фармони билан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган вазифаларга мувофиқ аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Давлат дастурига кўра, ДХМ орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 300 тага, ЯИДХП (my.gov.uz) орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 570 тага етказилади.

2023 йил 1 июлдан барча давлат органлари ва ташкилотларида “Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш” чора-тадбирлари белгиланади.

Энди аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари – ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексаларга миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматлари доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари проактив тарзда – фуқаро мурожаатини кутмасдан, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан кўрсатилади.

Жорий йил 1 сентябрдан аҳоли ва тадбиркорларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформа”сига ўтказилади.

2024 йил 1 январдан пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилади.

2023 йил 1 апрелдан ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.

 

ЎзА