Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги ва Махтумқули ижоди ўзбек, қорақалпоқ ва туркман халқларининг дўстлик тимсоли” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Нуразизов,  Республика туркман миллий маданий маркази раиси Г.Авездурдиева, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бош мутахассиси  Ф.Беков ва бошқаларнинг сўзларида  давлатимиз раҳбарининг ташаббуси, мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларига яратилган шароитлар, уларнинг она тили, урф-одати, миллий маданиятини ривожлантириш борасидаги имкониятлар, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шу жумладан, ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини бундан буён мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга эътибор қаратилди. Шунингдек, машҳур туркман шоири ва мутафаккири, туркман адабиёти, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Махтумқули ижодининг туркман адабиёти тарихидаги ўрни, унинг ўзбек-туркман адабий алоқалари соҳасидаги аҳамияти қайд қилинди.

Таъкидланганидек, ўзбек ва туркман халқлари азал-азалдан яқин дўст, аҳил қўшни, стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар билан яшаб келган. Шу сабабли, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг илдизи узоқ тарихга бориб тақалади ва ўзаро ҳурмат, ишонч асосига қурилган.

Ўзбекистоннинг яқин стратегик ҳамкорларидан бири – Туркманистон билан амалга оширилаётган ва тобора янги босқичга кўтарилаётган ўзаро дўстлик алоқалари ҳақида сўз юритиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, икки дўст давлатлар ўртасидаги ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва истиқболларини белгилаган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида тарихий ишлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари орасида 206 минг, Қорақалпоғистон Республикасида эса 105 минг нафардан зиёд туркман биродарларимиз жонажон юртимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилмоқда. Мамлакатимизда туркман халқи миллий маданияти, тили, анъаналари ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантириш мақсадида  барча имконият, шарт-шароитлар яратилган.

“Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси мазмун-моҳияти ва аҳамияти” ҳамда “Миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик – тараққиёт омили” мавзуларида Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи туркманларнинг миллий байрамлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида таълим туркман тилида олиб бориладиган 40 га яқин мактаб фаолият олиб бормоқда. Уларни она тилидаги дарсликлар билан таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида туркман филологияси бўйича етук мутахассислар, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бошланғич синф ўқитувчилари тайёрланмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси туркман миллий маданий маркази қошида “Мекан” газетаси чоп этилмоқда, “Орзу” ашула ва рақс ансамбли фаолият кўрсатмоқда.

–Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда туркман мумтоз шеъриятининг  атоқли вакили Махтумқули таваллудининг 300 йиллиги Оролбўйида ҳам кенг нишонланмоқда, – дейди Республика туркман миллий маданий маркази раиси Гулдана Авездурдиева. – Дўстлигимиз мустаҳкам ва абадий бўлсин, мамлакатларимиз равнақ топиб, бир-бирига доимо мустаҳкам ҳамда ишончли шерик бўлиб қолсин!

Маданий-маърифий тадбир доирасида меҳмонларга рус, қозоқ, туркман, ўзбек, қорақалпоқ, украин ва корейс миллатлари вакиллари томонидан тайёрланган қўл ҳунарлари кўргазмаси ҳамда турли миллат вакиллари ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), 

ЎзА