Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мурожаатлар билан ишлаш кўрсаткичлари соҳалар ҳамда ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда мурожаатларни қаноатлантириш даражаси пасайгани маълум бўлган.

Мурожаатлар муддатидан кеч кўриб чиқилаётгани боис такрорий мурожаатлар сони ортган. Муаммолар амалда ҳал этилмай, мурожаат муаллифларига тушунтириш бериш орқали мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолатлари кўпайган, сайёр қабуллар ўтказиш ишлари назардан четда қолган.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.

Мажлисда Қишлоқ хўжалиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилояти ҳокимликларининг мурожаатларни кўриб чиқишга оид фаолияти юзасидан ахборотлар эшитилди.

Номи қайд этилган вазирликлар томонидан мурожаатлар муддатидан кеч кўриб чиқилган. Оқибатда такрорий мурожаатлар юбориш кўпайган. Ҳудудлар кесимида мурожаатлар ошган, сайёр қабуллар ташкил этилишига эътибор қаратилмаган. Айрим мурожаатларга якуний жавоб берилмай назоратдан ечилган.

Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари томонидан мурожаатларни кўриб чиқишга етарли эътибор қаратилмагани сабабли уларнинг сони кўпайган. Уларни қаноатлантириш даражаси паст. “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари” билан боғлиқ масалалар ҳамда моддий ёрдам ва ижтимоий нафақа тайинлашга оид мурожаатлар сони ошган. Туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан шахсий қабулларга етарли эътибор қаратилмаган.

Кўрсаткичлари нисбатан паст даражада баҳоланган Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Тоғ-кон ва геология вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти ҳам муҳокама қилинди.

Мажлисда сенаторлар, эксперт-мутахассислар ҳамда амалиётчи олимлар томонидан кун тартибидаги масала юзасидан мутасаддиларга саволлар берилди, фикр-мулоҳаза, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбирда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга қатъий риоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни тўғри ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни маҳалла ёки қуйи тизимнинг ўзида бартараф этиш чораларини кўриш, жойларда жонли мулоқотлар ва сайёр қабулларни мунтазам ташкил этиш, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш, мурожаатларда кўтарилган масалаларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш каби вазифалар белгилаб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА