Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзархив» агентлиги фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолига холис ахборотларни етказиб бериш, жамоатчилик билан мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда агентлик мутасаддилари 2022 йил давомида «Ўзархив» агентлиги тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар беришди.
Тадбирда таъкидланишича, миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон нусхасини яратиш ишлари бўйича 189 810 сақлов бирлигидаги қоғоз асосидаги 15 999 368 та кадр, 348 та сақлов бирлигидаги кино, 22 628 та ҳисоб бирлигидаги сурат ва 456 та сақлов бирлигидаги овозли ҳужжатларнинг электрон нусхалари яратилган. Ўзбекистон миллий архивида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) бўлган архив ҳужжатларидан 10 та фонддан жами 56 та йиғмажилд ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилган.
Шунингдек, «Ўзархив» агентлиги делегациянинг Исроил давлатига хизмат сафари доирасида Ал-Ақсо масжиди кутубхонаси сақловидаги Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизийга тегишли жами 53 та ноёб қўлёзма электрон нусхалари Ўзбекистон Миллий архиви давлат сақловига топширилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, агентлик тизимида ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича «Архив иши» ягона ахборот тизими (my.archive.uz) ва «Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш» ахборот тизимлари (e.archive.uz) ишга туширилган.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига мутасаддилар томонидан жавоб қайтарилди.
Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА