Маълумки, бугунги кунда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари кенг давом эттирилмоқда. Конституциявий комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир таклифни батафсил ўрганиб, муносибларини Конституцияга уйғунлаштириш устида иш олиб бормоқда.
Мамлакатимизда судларнинг мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу борада Конституциявий қонун лойиҳасида ҳам муайян меъёрлар кўзда тутилмоқда.
— Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш давомида суд фаолиятига оид янги нормалар ҳам белгилаб қўйилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов. — Хусусан, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилиши Конституция билан мустаҳкамланмоқда.
Бу норманинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши, ўз навбатида, судларнинг мустақиллигига дахл қилувчи ҳар қандай моддий омилларга барҳам беради, судьялар профессионаллигини оширади. Шунингдек, одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имконини беради.
Муҳтарама Комилова, ЎзА