Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида қатор камчиликлар аниқланди.

Мазкур қарорда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларида санитария-гигиена талабларига риоя этилиши юзасидан тасдиқланган жадвал асосида ҳар ойда ўрганишлар ташкил этиш белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ахборот хизматининг маълум қилишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ходимлари билан Кегейли туманида мактаб ўқувчиларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳолати ўрганилди.  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси топшириғи асосида ташкил этилган тадбир давомида тумандаги 1-8-19- ва 55-умумтаълим мактабларида бир қатор қўпол хато ва камчиликлар аниқланди. Жумладан, болаларга озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган нормадан кам миқдорда берилмоқда, иссиқ чой ва ичимлик суви билан таъминланмаган. Энг ачинарлиси, айрим маҳсулотларнинг сифати мутлақо талабга жавоб бермайди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш учун махсус автотранспорт ажратилмаган. Айрим мактабларда кунлик озиқ-овқат маҳсулотларини таркиби ва сифати устидан доимий назоратни таъминловчи комиссия таркиби тузилмаган. Бугунги кунда камчиликларни бартараф этиш ва масъулларга тегишли чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.

Мана шундай ўрганиш ишлари Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида олиб борилади. Ушбу масъулиятли ишга бефарқ бўлган мактаб раҳбарлари билан масъулларга қатъий жазо чораси кўрилади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири