Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 27 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ихтиёрий бепул ёрдам олишларига (pro bono) кўмаклашиш учун “Юридик ёрдам” ахборот тизимида адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар фойдаланиши учун очиқ бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатлари бўлими яратилиши белгиланди.

Бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ихтиёрий бепул юридик ёрдам (pro bono) олиш бўйича мурожаатлари “Юридик ёрдам” ахборот тизимига киритилади, ихтиёрий ёрдам кўрсатилиши учун адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар эътиборига етказилади.

Ихтиёрий бепул юридик ёрдам кўрсатиш истагида бўлган адвокатлик тузилмалари ҳамда адвокатлар учун бундай ёрдам таклиф қилишнинг техник имконияти яратилади. Адвокатлик тузилмалари ва адвокатлардан улар кўрсатган ихтиёрий бепул юридик ёрдам (pro bono) тўғрисида ҳисобот талаб қилинмайди.

ЎзА