Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзолигининг 31 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Халқаро ҳамкорлик ҳафталиги” бошланди.
Айтиш керакки, ўтган қисқа даврда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Зеро, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дунё мамлакатлари барқарор тараққиётини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни мақсад қилган универсал халқаро тузилма сифатидаги роли ва масъулияти ортиб бормоқда.
БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон 1992 йил 2 мартдан буён тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро ҳуқуқ принципларига амал қилишини намойиш этаётир.
Шу боис “Халқаро ҳамкорлик ҳафталиги” деб ном олган мазкур ҳафталикдан кўзланган мақсад 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида халқаро тузилмалар билан амалий мулоқотни ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва амалий шерикликни кенгайтириш бўйича белгиланган устувор вазифалар амалга оширилишига кўмаклашиш, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари, жумладан, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФнинг ваколатхоналари билан ҳамда Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқ дипломатияси маркази билан ижтимоий-маданий соҳалар бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолияти, мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани хусусида сўз юритилди.
Шу билан бирга, БМТ тараққиёт дастури, ЮНЕСКО ва ЮНИСЕФ билан ижтимоий-маданий, илмий ва таълим йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асосларни яратиш каби масалалар муҳокама этилди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги беш йилда мутлақо янги даражага кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси, 2020 йил 25 сентябрда видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессияси, шунингдек, 2021 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида онлайн форматда ва Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида маъруза қилди.
Уларда Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳаларга тааллуқли ташаббуслар билан чиқди.
Учрашув давомида талабалар БМТ ва унинг фаолияти, турли лойиҳалари, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди.
Ҳафталик давом этмоқда.
ЎзА