Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги директори Умбриел Темиралиев билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Қирғиз Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги кўп қиррали муносабатни мустаҳкамлашга кучли туртки берган мазкур ташриф тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Томонлар кимё ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва туризм соҳаларида, чарм-пойабзал, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича эришилган келишувларни жадал ҳаётга татбиқ этиш бўйича қўшма режалар кўриб чиқилди.

Хусусан, икки давлат ҳудудида интенсив боғлар, юқори технологияли иссиқхоналар ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Аниқ манзили, ташаббускорлари белгиланган лойиҳалар юзасидан ишни тезлаштириш учун тадбиркорлик вакилларига ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик билдирилди.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. “Қамбарота GES-1” қурилиши доирасида зарур бўлган ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, ўзаро боғланган қўшилган қиймат занжири яратиш мақсадида инвестиция ташаббусини биргаликда молиялаштиришнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон – Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти кўриб чиқилди.

Музокара якунида муҳокама қилинган барча йўналишлар бўйича изчил саъй-ҳаракатни давом эттириш зарурлиги маъқулланди, муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш доирасида келгуси ҳамкорлик формати келишиб олинди.

 

ЎзА