Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида эълон қилинган “Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” танловида Қорақалпоқ давлат университети магистранти Замира Айимбетова 3-ўрин ғолиби деб топилди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.
3-ўринга яна Санкт-Петербург давлат университети талабаси Александр Гонашвили ҳам муносиб топилди. Ташкилотчилар томонидан уларга диплом ва энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдоридаги пул мукофоти топширилди.
Биринчи ўрин ва танловнинг бош мукофотини “Бошланғич таълим” журнали бош муҳаррири Ҳалим Саидов “Миллат хазинасини бойитган мутафаккир” мақоласи учун қўлга киритди. Ғолиб ташкилотчилар томонидан махсус диплом ва Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Иккинчи ўрин совриндорлари эса Япония парламенти юқори палатаси депутати, “Япония – Ўзбекистон” дўстлик уюшмаси президенти Кёко Накаяма ва “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири Султонмурод Олимов бўлишди. Уларга диплом ва энг кам иш ҳақининг 75 баробари миқдорида пул мукофоти топширилди.
Ғолибларга мукофотни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ва Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова топширди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур танлов ўтган йилнинг июль ойида эълон қилинган эди.
ҚХА