Жорий йилнинг 12 март куни пойтахтимиз Тошкентда “V International Tashkent Marathon” халқаро марафони ҳамда мамлакатимизнинг 13 та ҳудудида “Yangi Nafas” югуриш мусобақалари ўтказилиши белгиланган.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилаётган мазкур марафон ва югуриш мусобақаларига айни кунларда қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бугун, 24 февраль куни пойтахтимизда ташкилий қўмита аъзолари, мутахассислар иштирокида “V International Tashkent Marathon” халқаро марафони ҳамда 13 та ҳудудда ўтадиган “Yangi Nafas” югуриш мусобақаларига тайёргарликнинг бориши бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда иштирок этган ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ёшлар ишлари агентлиги директор ўринбосари Дилноза Каттахонова, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзамуҳамедов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Таъкидланганидек, мусобақалар 42 километр масофада классик марафон, 21 километр масофага ярим марафон, шунингдек, 3 ва 10 километр масофада оммавий югуриш шаклида ўтказилади. Илк маротаба Тошкент марафони доирасида болалар ўртасида “Kids Run” оммавий югуриш мусобақалари ташкил этилади.
Наврўз айёмини нишонлаш арафасида Тошкент, анъанавий тарзда, турли хил мамлакатлардан ташриф буюрган минглаб югуриш ҳаваскорларини бирлаштирувчи ҳақиқий спорт пойтахтига айланади. 2019 йилда марафонда 1 минг 600 нафар югурувчи иштирок этган бўлса, 2022 йилда иштирокчилар сони 2 минг 700 нафарни ташкил қилди.
Айтиш лозим, “V International Tashkent Marathon” халқаро марафони мақоми йилдан йилга нафақат юртимизда, халқаро майдонда ҳам ортиб бормоқда. 2022 йилда IV Тошкент халқаро марафони Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро ярим марафони билан биргаликда ўтказилиб, бунда 21 та мамлакатдан югурувчилар иштирок этган эди.
Бу галги юбилей марафонида эса 5500 нафар иштирокчи қамраб олиниши назарда тутилган бўлиб, бугунгача 10га яқин мамлакат вакиллари иштирок этиш истагини билдирди. Ушбу марафон баҳслари Олимпия ўйинлари рейтинг очколарини тақдим этиши билан ҳам аҳамиятлидир. Марказий Осиё мамлакатларидан 300 нафар енгил атлетикачи қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, Таиланд, Буюк Британия, Мўғулистон вакиллари ҳам қатнашиш учун рўйхатидан ўтишган. Талабномаларни қабул қилиш ишлари 5 мартга қадкар давом этади.
“V International Tashkent Marathon” халқаро марафонининг ғолиб ва совриндорлари пул мукофотлари билан тақдирланади. Умумий пул мукофоти 259 миллион 720 минг сўмни ташкил этмоқда. 42 километр масофалик марафонда 1-ўринни эгаллаган спортчи 30 миллион сўм, 2-ўрин – 20 миллион, 3-ўрин — 15 миллион, 4-ўрин – 10 миллион, 5-ўрин – 8 миллион, 6-ўрин – 5 миллион сўмни қўлга киритади.
Ярим марафон иштирокчилари учун қуйидаги пул мукофотлари назарда тутилган: 1-ўрин — 20 млн сўм, 2-ўрин – 15 млн сўм, 3-ўрин — 12 млн сўм, 4-ўрин – 8 млн сўм, 5-ўрин – 6 млн сўм, 6-ўрин – 4 млн сўм.
10 километр масофага югуриш мусобақасида 1-ўрин – 6 млн сўм, 2-ўрин 4 млн сўм, 3-ўрин — 2 млн сўмни қўлга киритади. 3 километр масофага югуриш иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилади.
Марафоннинг янги тадбири сифатида 11 март куни болалар ўртасида “Kids Run” оммавий югуриш пойгаси ўтказилиши режалаштирилган. Унда иккита ёш тоифасидаги болалар – 2015 ва 2011 йилгача туғилганлар иштирок этиши мумкин. Ушбу оммавий югуриш пойгаси иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш бепул. “Kids Run” оммавий югуриш пойгаси скандинавча юриш ҳаваскорлари билан биргаликда ўтказилади. Болалар масофаси 1 км, юрувчиларнинг масофаси 3 километрни ташкил этади.
Анжуман давомида “Темир дафтар”га киритилган, ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонлар, уларнинг фарзандларига оммавий югуриш тадбирларида иштирок этиши учун муносиб шарт-шароитлар яратилиши хусусида ҳам сўз юритилди.
Тўлқин Рўзиев, Д.Ёқубов(сурат), ЎзА